Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 1 январь куни юқори тезликда ҳаракатланган «Cobalt» бетон тўсиққа урилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, воқеа соат 13:00 атрофида туман ҳудудидан ўтувчи М-39 Термиз–Тошкент автомобиль йўлида содир бўлган. Аниқланишича, 32 ёшли ҳайдовчи А.М. «Cobalt» автомобилида ёмғир ёғаётганига қарамай юқори тезликда ҳаракатланган ва машина бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилган.

Оқибатда ҳайдовчи ҳамда ушбу автомобилда бўлган тўрт нафар йўловчи олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳодиса юзасидан Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда «Жигули» 3 ёшли қизни уриб юборгани ҳақида хабар қилинганди. Бунда ҳайдовчи «ВАЗ-21063» машинасида Жиззах–Ғаллаорол йўналишида кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориши оқибатида 2018 йилда туғилган қизалоқ тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.