Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Жанаўзен шаҳрида 2 январь куни аҳоли газ нархи ошгани сабабли митингга чиқди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Tengrinews»

Маълум қилинишича, шаҳарликлар ёнилғи нархини пасайтиришни талаб қилиб намойиш ўтказган. 1 январдан суюлтирилган газнинг бир литр нархи 120 тенгега (0,27 доллар) ошган, намойишчилар уни 60 тенгега (0,13 долларга) туширишни талаб қилган.

Ўз навбатида, мамлакат президенти Қосим-Жўмар Тўқаев ҳукуматни Жанаўзен шаҳридаги вазиятни таҳлил қилишга, аҳолининг суюлтирилган газ нархи ошишини тўхтатиш ва уни пасайтириш талабини ўрганишга чақирган.

«Ҳукуматга Жанаўзендаги вазиятни зудлик билан иқтисодий мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий соҳада кўриб чиқишни топширдим. Намойишчилар жамоат тартибини бузмаслиги керак», — деб ёзди Тўқаев ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Давлат раҳбарига кўра, фуқаролар маҳаллий ва марказий ҳокимият органларига ўз талабларини ошкора билдириш ҳуқуқига эга, бироқ бу қонун ҳужжатларига, хусусан, тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ амалга оширилиши керак.

«Вилоятда 1973 йилдан буён газ ишлаб чиқарадиган ягона корхона Қозоғистон газни қайта ишлаш заводидир. Унда ойига 14,5 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Бироқ вилоятда истеъмол ҳажми 18 минг тонна бўлгани боис комбинат вилоят эҳтиёжини тўлиқ қондира олмаяпти. Шу боис, қўшимча равишда 3,5 минг тонна газ вилоят ташқарисидан етказиб берилмоқда», дейди Манғистов вилояти энергетика ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бердибек Картбаев.

Энергетика вазирлигининг тушунтиришича, газ нархи эҳтиёж сабабли ошиб бормоқда. Вазирликнинг Қозоғистонда суюлтирилган газ истеъмоли йил сайин ортиб бораётгани, ишлаб чиқариш ҳажми эса ўтган йиллар даражасида қолаётганини қайд этган.

«Электрон тижоратга ўтиш талаб ва таклиф асосида газ нархини мувозанатлаш имконини беради, бу эса янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга сармоя жалб этади. Бозор механизмлари рақобатнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Электрон савдога ўтгунга қадар суюлтирилган газнинг нархи ишлаб чиқарувчилар учун арзон эди, чунки у ўз таннархидан паст нархда сотилган», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

https://youtu.be/5hLD4c-HxoY

Аввалроқ Европада газ нархи рекорд даражада ўсгани ва бунинг сабаби маълум қилинган. Шунингдек, Тожикистонда дизель ёнилғиси тақчиллиги туфайли жамоат транспорти ишламагани хабар берилган.