«Толибон» ҳаракати Тожикистон ва Ўзбекистондан 2022 йил учун 169 миллион долларга электр энергияси сотиб олди. Бу ҳақда Афғонистоннинг DABS энергетика компанияси вакили Ҳикматуллоҳ Нурзай хабар берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Маълум қилинишича, Тожикистон Афғонистонга қиймати 69 миллион долларга тенг 1,5 миллиард киловатт-соат, Ўзбекистон эса қиймати 100 миллион долларга тенг 2 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб беради.

Таъкидланишича, DABS’нинг Марказий Осиё экспортчилари олдидаги қарзи билан боғлиқ вазият (қарийб 100 миллион долларга яқинлашмоқда) номаълумлигича қолмоқда. Ўз навбатида, «Толибон» ҳаракати мамлакатнинг электр энергиясидан қарзини тўлаш чорасини топгани маълум қилинганди.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Миллий электр тармоқлари акциядорлик жамияти Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси билан 2019 йилда тузилган шартнома асосида Афғонистонга электр энергияси етказиб беради. 10 йилга имзоланган ҳужжатга кўра, етказиб беришнинг йиллик ҳажми 6 миллиард киловатт/соат электр энергиясини ташкил қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Афғонистонга электр етказиб беришни вақтинча қисқартиргани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг энергетика вазирлиги Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тикланганини маълум қилди.