«Толибон» Ҳирот вилоятида кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи дўкон эгаларига барча манекенларнинг бошини олиб ташлашни буюрди. Бу ҳақда «The Times» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, бу талабга «Толибон» расмийларининг манекенларни санамлар деб ҳисоблагани сабаб бўлган. Талаб «Толибон»нинг Ислом динини назорат қилиш учун масъул бўлган Ҳирот вазирлиги томонидан эълон қилинган. Улар ягона илоҳ ҳисобланган фақат Аллоҳни тан олган Исломда бутларга сиғиниш гуноҳ саналишини айтган.

Дастлаб бўлим дўкон эгаларига манекенларни бутунлай олиб ташлашни буюрган, бироқ улар бунга рози бўлмаган ва бу қадам катта молиявий йўқотишларга олиб келишини айтган. Савдогарларнинг шикояти вазирлик бошлиғи Шайх Азизу-Раҳмоннинг фикрини ўзгартиришга ва кўпроқ «муросавий» буйруқ чиқаришга — манекенларнинг бошини кесишга ундаган.

«Манекенларнинг бошларини кесиш эмас, балки ёпиш керак. Ҳар бир манекен 100, 80 ёки 70 доллар туради ва уларнинг бошини кесиш катта молиявий йўқотишга олиб келади», — деган хиротлик бизнес эгаси ва савдо раҳбари Абдул Вадуд Фаиз Зада.

Муҳаммад Юсуф исмли яна бир тадбиркорнинг қўшимча қилишича, барча кафолатларга қарамай, «Толибон» ўзгармаган. «Улар халқаро эътирофга эга бўлишмаган, аммо шунга эришса, янада қаттиқроқ чекловларни қайтаришади», — дейди у.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати аёлларга нисбатан янги тақиқ жорий этганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида телевидение ва радиода аёл бошловчиларнинг чиқишини тақиқлаганди.