«Толибон» жангчилари ва Туркманистон чегарачилари ўртасида 3 январь, душанба куни отишма содир бўлди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «TRT World»

Келтирилишича, ҳодиса ҳақида Жузжон вилояти Маданият ва ахборот бошқармаси бошлиғи Ҳилол Балхий маълумот берган. Айтилишича, уч кун аввал туркман чегара қўшинлари тинч афғон фуқаросини ўлдирган, иккинчисини эса калтаклаган. Шундан сўнг, 3 январь куни «Толибон» отрядлари хавфсизликни текшириш учун чегарага келганида, туркман томони уларнинг позицияларига қарата ўқ узган. «Толибон» жангчилари ҳужумга жавоб қайтарган. Ҳаракат ҳеч қандай талафот кўрмаган.

Таъкидланишича, бу «Толибон» иштирокидаги 5 ҳафта ичида чегарадаги тўртинчи тўқнашув. Жумладан, Эрон билан 1 декабрда бир марта,  Покистон билан камида иккита — 2430 декабрь кунлари отишма юз берган.

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берганди. Шунингдек, «Толибон» ва АҚШ ҳарбийлари тинч аҳолини ўлдиргани бўйича янги ҳисобот эълон қилинган.