Тошкент–Урганч–Тошкент йўналиши бўйича қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, талабаларга кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида 4–9 январь кунлари Тошкент–Урганч–Тошкент йўналишида қўшимча йўловчи поездларининг қатнови йўлга қўйилади. Ҳаракат жадвалига кўра, Тошкент–Урганч йўналишидаги поезд 4, 6, 8 январь кунлари соат 23:00 да Тошкент жанубий темир йўл вокзалидан жўнайди.

Шунингдек, Урганчдан Тошкентга 5, 7, 9 январь кунлари соат 19:30 да Урганч темир йўл вокзалидан қатнов амалга оширилади. Шу сабаб 7 январь куни Андижон–Хива йўналишида поезднинг ҳаракат жадвалига 1 кунлик ўзгартириш киритилади.

Аввалроқ Янги йил арафасида барча йўловчи поездларига қўшимча вагон уланиши ҳамда Тошкент–Бухоро йўналишида қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилиши хабар қилинганди.