«Ядровий бешлик» етакчилари муҳим баёнот билан чиқди
«Ядровий бешлик» ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари — Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция раҳбарлари ядро урушининг олдини олиш ва қуролланиш пойгасига йўл қўймаслик бўйича қўшма баёнотни қабул қилди. Ҳужжат 3 январь, душанба куни Кремль сайтида чоп этилди.

Баёнотга кўра, мазкур давлатлар ядро қуролига эга кучлар ўртасидаги урушнинг олдини олиш ва стратегик хавфларни камайтиришни ўзларининг асосий масъулияти деб билиши айтилган. «Биз ядро урушида ғолиб бўлиш мумкин эмаслигини ва уни ҳеч қачон қўзғатмаслик кераклигини эълон қиламиз», дейилган баёнотда.
«Бешлик» етакчилари ядро қуролидан фойдаланиш узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши, шунинг учун улар «ядро қуроли, агар улар мавжуд бўлса, мудофаа мақсадларига хизмат қилиши, тажовузни тўхтатиб туриши ва урушнинг олдини олиши» кераклигини яна бир бор таъкидлаган.
«Биз бундай қуролларнинг янада тарқалишининг олдини олиш керак, деб ҳисоблаймиз», — деб таъкидлаган «ядровий бешлик» раҳбарлари.
«Биз ядровий таҳдидларга қарши туриш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаймиз ҳамда қуролларни тарқатмаслик, қуролсизланиш ва қуролларни назорат қилиш соҳасидаги икки ва кўп томонлама келишувларимиз ҳамда мажбуриятларимизни сақлаш ҳамда уларга риоя қилиш муҳимлигини таъкидлаймиз», дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, мамлакатлар ядро қуролидан рухсатсиз ва қасддан фойдаланишнинг олдини олишда давом этишини билдирган. Давлат раҳбарлари аввалроқ билдирилган баёнотларнинг долзарблигини таъкидлаб, ядро қуроли бир-бирларига ёки бошқа давлатга қаратилмаганини тасдиқлаган. Баёнот якунида ядро қуролидан холи дунё қуришга қаратилган саъй-ҳаракатларга ишора қилинади.
Бешта давлат раҳбарлари муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал этиш, ўзаро тушуниш ва ишонч даражасини ошириш, қуролланиш пойгасининг олдини олиш ниятида эканлигини қайд этган.
Аввалроқ Назарбоев дунё ядро уруши ёқасида турганини айтганди. Шунингдек, Хитой ТИВ дунёда ядровий пойга бошланганини маълум қилганди.