Дунёда кескин танқидга учраган АҚШ, Буюк Британия ва Австралия ўртасидаги «AUKUS» уч томонлама мудофаа келишуви ядровий қуролларни тарқатмаслик режимининг бузилишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қурол назорати департаменти директори Фу Цун иштирокидаги брифингда қатнашган мухбирига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Унинг таъкидлашича, ҳозирги MAGATE кафолатлар тизими Австралия ядро қуролини яратиш учун тегишли материаллардан фойдаланмаслигини текширишнинг ҳеч қандай усулини тақдим этолмайди.

«‘AUKUSʼ ва, айниқса, ядровий сувости кемаларини ривожлантириш бўйича уч томонлама келишув жуда жиддий масала. Муаммонинг моҳияти шундаки, агар бу режа амалга оширилса, АҚШ ва Буюк Британия икки ядровий давлат бўлган ҳолда ядровий давлат бўлмаган Австралиянинг қуролга эга бўлишига замин яратувчи уранни беради», — дейди дипломат.

Унинг айтишича, шунинг учун ҳам Хитой бошқа кўплаб давлатлар қатори бу ҳамкорликдан ниҳоятда хавотирда бўлгани боис MAGATE таркибида уч томонлама шартноманинг ҳуқуқий, сиёсий ва техник оқибатлари муҳокама қилинадиган махсус қўмита ташкил этишни талаб қилмоқда.

«Биз ишонамизки, бу ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадаги бўшлиқдан ғаразли фойдаланиш бўлади ва агар кўп давлатлар буни қилса, бу ядровий қуролларни тарқатмаслик режимининг бузилишини англатади», — дейди у.

Маълумот ўрнида, 2021 центябр ойи ўрталарида Австралия «AUKUS» янги ҳамкорлиги доирасида Буюк Британия ва АҚШ билан мудофаа ҳамда хавфсизлик бўйича шартнома тузиб, Франциянинг «Naval Group» компанияси билан 56 миллиард евролик сув ости кемалари шартномасидан чиқишини эълон қилган. Франция билан тузилган шартнома «Barracuda» синфидаги 12 та ҳужумчи сув ости кемасини ишлаб чиқаришни назарда тутган. Шундан сўнг Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Австралиянинг келишувни бузиш қарорини «орқадан пичоқ уриш» деб атаган. Россия, ХХР етакчилари — Владимир Путин ва Си Цзиньпин ўртасидаги сўнгги мулоқотларда томонлар «AUKUS» блоки (АҚШ–Буюк Британия–Австралия) ядровий мувозанатни бузаётганини ва минтақадаги кескинликни кучайтираётганини таъкидлаган.

Аввалроқ «Ядровий бешлик» ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари — Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция раҳбарлари ядро урушининг олдини олиш ва қуролланиш пойгасига йўл қўймаслик бўйича қўшма баёнотни қабул қилганди. Шунингдек, Хитой ТИВ дунёда ядровий пойга бошланганини маълум қилганди.