Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ҳоким ўринбосарлари яна биттага кўпаяди. Улар экология ва кўкаламзорлаштиришга масъул бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Президентнинг 2021 йилдаги сўнгги қарорларидан бирига асосан вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилди. Унинг ўрнида қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилади.

Пойтахтда бироз бошқачароқ. Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, уларнинг ўрнида қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.

Энди давлат органлари томонидан фуқаролардан қатор ҳужжатлар талаб қилинмайди. Белгиланган ҳужжатларни органлар «Электрон ҳукумат» платформасидан олади.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳужжатларнинг рўйхати катта, уларнинг барчасини бу ерга ёзолмаймиз, шу сабабли, тўлиқ рўйхат билан танишиш учун бу ерга босинг. Аммо олдиндан айтишимиз мумкин, улар орасидан диплом, аттестат, молиявий ҳисобот нусхалари ва бошқалар ўрин олган.

Ўзбекистонда автомобиль сотиб олганлик учун 3 фоизлик йиғим тўлиқ бекор қилиниб, машинанинг туридан қатъи назар бир хил сумма белгиланади.

Олдинги тартибга кўра, автосалондан янги машина сотиб олганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланган. Иккиламчи бозордан машина сотиб олинганда ишлаб чиқилган йилига қараб ҳар бир от кучи учун 29 минг 700 сўмгача йиғим олинган.

Фото: «Bugun.uz»

2022 йил 1 январдан автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинди. Ўзгариш 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун матнида келтирилган.

Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, машинанинг от кучи ва йилидан қатъи назар, базавий ставканинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.

Самарқандда янги (яп-янги!) туннелнинг деворларидан сув отилиб чиқди. «Кўприкқурилиш» трести УК қурилиш битмаганини айтди.

Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасидаги кўприк 2021 йилнинг 31 декабрь куни фойдаланишга топширилганди. Сўнгги кунларда шаҳарда ёққан ёмғир сабаб ушбу туннелдан сув сизиб чиқди (тўғрироғи, отилиб чиқди).

«Кўприкқурилиш» трести унитар корхонасининг ҳолат юзасидан берган баёнотида айтилишича, яқин кунларда қатор ишлар амалга оширилиб, лойиҳа тўлиқ якунланади.

«Лойиҳа ечимига кўра, ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфальт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган», дейилади корхона муносабатида.

Шунингдек, унда айтилишича, ушбу кўприкда Янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликнинг олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида йўллар очиб берилган бўлиб, ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Telegram’даги «Davletovuz» каналида лойиҳа тендерсиз «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш»трести УК томонидан амалга оширилгани айтилган. Унинг умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов куннинг асосий мавзусига айланган кўприк қурилиши ҳақида карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Ер 4 январь куни Қуёшга максимал масофада яқинлашади. Бу ҳодиса йилда бир марта содир бўлади.

Маълум қилинишича, мазкур жараён Қуёш дискини яқин масофадан кузатиш имконини беради. Шу куни Ер перигелиядан, яъни ўз орбитасининг Қуёшга энг яқин нуқтасидан ўтади. Бу жараён йилда бир марта содир бўлади. Қуёш диаметри 32 дақиқа 35 сония давомида кўринади.

Фото: «LinkedIn»

Ер Қуёш атрофини 365 сутка ва 6 соатда бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Ернинг Қуёшга энг яқин орбита нуқтаси перигелион деб аталади. У 147 миллион километрдан ортиқ масофани ўз ичига олади. Энг узоқ нуқта эса афелион ҳисобланиб, бунда Ер Қуёшдан 152 миллион километрдан ортиқ масофада жойлашади ва бу ҳодиса 1 июль куни содир бўлади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.