5 сониялик факт: 4 январь — Бутунжаҳон Брайл алифбоси куни.

Фото: «Starofmysore.com»

Мулоҳаза учун 55 сония: Шубҳасизки, ёзув инсониятнинг энг буюк ихтироларидан биридир. Биз ёзув воситасида ўзимиздан аввалги авлодлар йиққан билимлардан бохабар бўла оламиз. Ёзув — бутун цивилизациямиз тўплаган илмий, маданий ва бошқа турдаги маълумотларни сақлаш ва авлоддан авлодга ўтказиш борасида беназир воситадир. Ёзувлар муайян алифболарга асосланган бўлади ва асосан, бирор товушни ифодаловчи белги — ҳарфлар воситасида ёзилади. Бадиий мутолаа, ҳужжат ишлари, расмиятчиликлар ҳамда таълимда ёзув ва хуллас матннинг ўрни инкор қилиб бўлмас даражада катта бўлиб, у инсоннинг энг асосий ахборот йиғиш воситаларидан биридир. Бироқ ҳар қандай ёзувни ўқиш, албатта, биринчи навбатда кўз орқали амалга оширилишини эътиборга олсак, кўзи ожиз инсонларнинг матнларни ўқиш имконияти афсуски чекланган бўлишини тушуниб етамиз.

Инсоният ёзув ва матнларни қоғозга кўчиришни бошлагандан буён ўтган бир неча юз ва балки минг йиллаб даврлар мобайнида кўзи ожиз инсонларнинг мутолаа имконияти чекланган эди. Ҳатто Гутенберг китоб босишни ихтиро қилгач, матбаачилик фавқулодда тараққиёт эта бошлаган даврларда ҳам матнларни ўқиш фақат кўзи равшан кишиларга хос машғулот бўлиб қолаверган. Вазият фақат ХIX асрга келиб ижобий томонга ўзгарди. 1829 йилда франциялик тифлопедагог Луи Брайл томонидан кўзи ожизлар учун махсус алифбо яратилди. Бугун, 4 январь куни эса БМТ шафелиги остида Бутунжаҳон Брайл алифбоси куни нишонланади. Чунки ушбу алифбони ишлаб чиққан мутахассис — Луи Брайл 1809 йилнинг айнан шу санасида таваллуд топган эди.

Асосий қисм, 4 дақиқа: Луи Брайл Франция пойтахти Париж яқинидаги чоғроққина Кувре шаҳарчасида, саррож (эгар-жабдуқ ясайдиган уста) оиласида туғилган. У болалик пайтида бахтсиз ҳодисага учраган ва кўриш қобилиятидан айрилган. Бироқ ўзининг жуда кучли хотираси туфайли мактабда тенгдошлари билан бирга ўқишни давом эттирган ва 1819 йилда Париждаги кўзи ожизлар институтига ўқишга кирган. Бу институтда кўзи ожизлар учун ХVIII аср охирида Валентин Гаюи томонидан ишлаб чиқилган Гаюи алифбоси асосида дарс ўтилган. Гаюи алифбоси шрифти шунчаки оддий ҳарфларнинг бўртма шаклидан иборат бўлган ва уни пайпаслаб, ушлаб кўриб ўқиш керак бўлган. Кейинроқ, 1821 йилда Барбе исмли зобит ҳам кўзи ожизлар учун ўзининг рельефли ёзув кўринишидаги алифбосини тақдим қилган. Хуллас, Брайлдан аввал ҳам кўзи ожиз инсонлар учун қулай алифбо яратишга бўлган уринишлар аллақачон мавжуд эди. Агар Гаюи тизими шунчаки оддий ҳарфларни бўрттириб ёзишга асосланган бўлса, Барбе алифбосида эса ҳар бир товушни ифодалайдиган белги 12 та нуқтадан иборат нуқталар комбинацияси воситасида ифодаланган. Барбе алифбосида имло қоидаларига амал қилиш анча мушкул бўлган ва қолаверса, нуқталар сони кўплиги боис, уни бармоқ билан пайпаслашда тўлиқ қамраб олиш қийин бўлган.

Луи Брайл 1828 йилда институтни тамомлагач, математика ва мусиқа ўқитувчиси сифатида ишда қолади ва бир вақтнинг ўзида, ўзи сингари кўзи ожиз шахсларга қулай бўладиган рельефли-нуқтали ёзув тизимини яратишга киришади. Деярли 1 йил изланишдан сўнг Луи Брайлнинг «Нуқталар воситасида сўзлар, мусиқа ва қўшиқларни ёзиш усули» номли рисоласи нашрдан чиқади. Унда бутун дунё бўйича кўзи ожизлар томонидан ҳозиргача ҳам фойдаланиб келинадиган Брайл алифбосига асос солинган эди.

Брайл алифбосида ҳар бир белги учун бўртма нуқталарнинг муайян комбинацияси белгиланган бўлиб, кўзи ожиз шахслар ушбу белгиларни бармоқда пайпаслаш орқали сезади ва ўқийди. Барбенинг 12 та нуқтадан иборат мураккаб алифбосидан фарқли ўлароқ, Брайл алифбосида атиги 6 та нуқта қўлланилган ва нуқталар орасидаги масофа 2 миллиметрдан кўп бўлмаслиги белгиланган. Шу сабабли ҳам уни пайпаслашда битта бармоқ учи билан қамраб олиш осонроқдир. Брайл тизимида 64 хил турли комбинациялар мавжуд бўлиб, 6 та нуқтанинг муайян битта комбинацияси битта белгини ифодалайди. Унда лотин алифбоси тартиб-қоидалари қўлланилади. Брайл алифбосидаги 6 та нуқтанинг ўзаро жойлашув комбинацияси орқали нафақат ҳарфлардан иборат матнларни, балки математик ва кимёвий формулаларни ва мусиқа ноталарини ҳам ифодалаш мумкин (Луи Брайл ўзи моҳир бастакор ва мусиқачи бўлган, у ажойиб куйлар ҳам басталаган ва кўзи ожизлар учун мусиқий ноталарни ҳам ёзган). Луи Брайл ўша 1829 йилнинг ўзида ушбу тизим асосида матн териш учун мўлжалланган ёзув машинкасини ҳам ясаб намойиш этган эди. 1837 йилда эса у тўлиқ ушбу алифбода ёзилган тарихдаги илк китобни — «Франция тарихи» китобини нашрдан чиқарган. Бир йил ўтиб эса тарихда биринчи марта кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги математика дарслиги чоп этилган. Брайл алифбоси 1850 йилдан бошлаб аввалига Франциянинг ўзида ва кейинчалик 1878 йилдан бошлаб халқаро миқёсда расман тан олинган ва кўзи ожизлар мактабларида ўқув дастурига киритилган.

Ҳозирги кунда бутун дунё бўйича 10 миллионга яқин кўзи ожизлар ва яна 130 миллион атрофида хира кўрувчилар ушбу алифбо воситасида ўқийди ва ёзади. Шубҳасизки, Брайл ёзуви ушбу инсонларнинг ҳам тўлақонли равишда таълим олиши, керакли маълумотларни ўқиш ва ёзиш имкониятига эга бўлиши, демакки, ўз фикр ва қарашларини эркин ифодалай олиш ҳуқуқининг таъминланиши ва уларнинг ижтимоий интеграцияси йўлидаги ўта муҳим ҳодисадир. Брайл алифбосининг нафақат кўзи ожизлар учун, балки бутун инсоният учун ўзига хос аҳамиятга эга эканлигини яхши англаган ҳолда ҳаттоки БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида мазкур алифбо халқаро миқёсда расман тан олиб ўтилган. 2018 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси 4 январни Брайл алифбоси куни сифатида эътироф этди. Ушбу сана 2019 йилдан буён нишонлана бошлади ва бугун тўртинчи маротаба Халқаро Брайл алифбоси куни байрам қилинади.

Ўзбекистон Республикасида кўзи ожиз ва хира кўрувчи инсонларнинг ҳуқуқларини энг юқори даражада таъминлаш борасида Брайл ёзувининг аҳамиятига катта эътибор қаратиб келинади. Хусусан, 2016 йилги Президент сайловларида Ўзбекистон Республикаси МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб, кўзи ожизлар учун Брайл ёзувидаги сайлов бюллетенларини чиқарган эди. Ўша йилги сайловларда 39 мингга яқин сайлов ҳуқуқига эга кўзи ожиз фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида Брайл ёзувидаги бюллетенлар орқали овоз берган. 2020 йилда, Конституция қабул қилинганлигининг 28 йиллик тантаналари арафасида эса мамлакат бош қомусининг ҳам Брял ёзувидаги нашри чоп этилган эди. Қолаверса, Ўзбекистондаги кўзи ожиз фуқаролар учун Брайл ёзувудаги Қуръони Карим ҳамда мактаб дарсликлари ва бошқа адабиётлар чоп этилмоқда.

Бугунги ушбу муҳим халқаро сана билан сайтимиз жамоаси номидан Брайл алифбоси соҳаси мутахассисларини муборакбод этамиз. Кўзи ожиз ва хира кўрувчи инсонларга ўқиш ва ёзиш имкониятини яратишдек муҳим ва савобли фаолиятингизда ҳорманг деб қоламиз.