Янгиликлар - 22:37 · 04.01.2022

Бухорода маст эркак 18 ёшли ўғлини пичоқлаб ўлдирди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 2021 йилнинг 30 декабрь куни маст эркак ўз ўғлини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, шу куни соат 18:30 да Денов маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган С.З. маст ҳолатда уйида 2004 йилда туғилган ўз ўғли У.Н. билан жанжаллашиб қолиб, жаҳлини жиловлай олмай, ўғлининг қорин соҳасига ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказган.

Оқибатда У.Н. кўрсатилган муолажаларга қарамай, олган оғир тан жароҳати сабаб туман касалхонасида вафот этган. Ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси томонидан С.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи қамоққа олинган.

Маълумот учун, бундай жиноятни содир этган шахс саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Бухорода эркак хотинини кўкрак қафасига пичоқ уриб ўлдирганди. Шунингдек, Қашқадарёда эркак сомон талашиб, поччасини ўлдиргани хабар қилинган.