Эрон президенти Сулаймонийнинг ўлими сабабли Трампни ҳибсга олишни талаб қилди
Раисий акс ҳолда қандай йўл тутишини маълум қилган
Эрон президенти Иброҳим Раисий АҚШнинг собиқ етакчиси Дональд Трампни «Ал-Қудс» махсус кучлари бошлиғи, эронлик генерал Қосим Сулаймонийни ўлдирганликда айблаб, уни ҳибсга олишга чақирди. Бу ҳақда « Al Jazeera» хабар берди.

Маълум қилинишича, Раисий ўз нутқида АҚШ раҳбари ва Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпеони жиноят учун ҳибсга олишни талаб қилган. «Агар адолат ғалаба қозонмаса, Эрон халқи томонидан қасос амалга оширилади», — деб таъкидлаган у.
Эрон президенти Сулаймоний ўлимидан сўнг «ерни (Эронни) эгаллаб олган душманларга қаршилик кўрсатиш мактаби» қолдирганини айтган. Маълумот учун, Эроннинг БМТдаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчи 3 январда БМТ Хавфсизлик кенгашидан АҚШ ва Исроилни генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши бўйича жавобгарликка тортишга чақирганди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида амалга оширилган операция натижасида эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРҚК) қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиа милицияси раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлдирилган.
Вашингтонда улар 2019 йил 31 декабрь куни Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум уюштиришда иштирок этган деб тахмин қилинади. Эрон бунга жавобан АҚШнинг Ироқдаги базаларига, жумладан, Айн ал-Ассадга зарба берган.
Аввалроқ Эрон ва Ироқ Сулаймонийнинг ўлдирилиши юзасидан қўшма баёнот имзолаганди. Шунингдек, унинг ўлдирилишида Исроилнинг қўли борлиги маълум қилинган.