Америкалик тадбиркор, «SpaceХ» ва «Tesla» компаниялари раҳбари Илон Маскнинг бойлиги иккинчи бор 300 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Фото: «Associated Press»

Реал вақт режимида янгиланадиган «Forbes Real-Time» миллиардерлар рўйхатига кўра, Маскнинг бойлиги бир кунда 32,6 миллиард долларга ошиб, 304,2 миллиард долларни ташкил қилган. Шу тариқа у жаҳон миллиардерлари рейтингида етакчиликни сақлаб қолишда давом этмоқда.

Таъкидланишича, «Tesla» акциялари нархи 2021 йилнинг ноябрида тарихий рекордни қайд этганида Маск тарихда 300 миллиард доллар бойликка эга бўлган биринчи шахсга айланган.

Келтирилишича, 2021 йилнинг октябрь ойида у 257,6 миллиард доллар бойлиги билан «Forbes» тарихидаги энг бой одам сифатида қайд этилган. Бунгача «Amazon» асосчиси Жефф Безос тарихдаги энг катта бойликка эга шахс саналган — унинг бойлиги 212 миллиард долларга етган.

Аввалроқ америкалик тадбиркор, муҳандис ва миллиардер Илон Маск триллионерга айланиши мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, Илон Маск компания раҳбари лавозимидан бўшамоқчилигини айтганди.