ЖССТ Францияда аниқланган янги штамм бўйича маълумот берди
Вирусни юқтирганлар сони 12 тага етган
Франциянинг Марсель шаҳрида шифокорлар коронавируснинг янги штамини (B.1.640.2) аниқлаганди. ЖССТ расмийси ташкилот ковиднинг бу тури ҳақида ноябрь ойида хабардор бўлганини маълум қилди.

Келтирилишича, ташкилот мазкур вирус турини диққат билан кузатмоқда. «ЖССТ штаммларни учта турга ажратган: кузатиш варианти, қизиқиш варианти ва ташвиш уйғотувчи вариант. Шундай қилиб, биз ноябрь ойидан бери B.1.640.2 шатмини, шунингдек, унинг асосидаги иккита вариантни кузатмоқдамиз», — деган ЖССТ эксперти Абди Маҳамуд.
Таъкидланишича, Францияда аниқланган янги ковид тури 46 та мутацияни ўз ичига олади. Штамм ҳозиргача 12 нафар беморда қайд этилган. ЖССТ вируснинг бу турига «IHU» деб ном берган.
Аввалроқ Исроилда коронавируснинг янги — «флурона» штами аниқланганди. Шунингдек, Қозоғистонда коронавируснинг янги «нигерча» (ETA) штами қайд этилганди.