Россия халқлар дўстлиги университети юқумли касалликлар кафедраси доценти Сергей Вознесенский ковид туфайли эрта қариш ҳақидаги даъволар асоссиз ва тасдиқлашни талаб қилишини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «FR24news»

Келтирилишича, олим бунинг учун кўпроқ изланишлар олиб бориш, статистик базани кенгайтириш зарурлигини айтган. «Ковид умр кўришнинг қисқаришига сабаб бўлишини тасдиқлаш бироз нотўғри», — дейди Вознесенский.

Шунингдек, у коронавирус инфекцияси ўткир респиратор касаллик бўлиб, аксарият ҳолларда симптомсиз ўтишини, бироқ бемор вирус қандай кечаётганини кузатиши зарурлигини қайд этган. Вирусолог сурункали касалликларга чалинган, масалан, веноз ёки гипертонзия билан оғриган беморларда кузатиладиган қон томир тизими бузилишини бунга мисол қилиб келтирган.

Аввалроқ россиялик мутахассис ковиднинг янада хавфли штами юзага келишидан огоҳлантирганди. Шунингдек, коронавируснинг болаларда кузатиладиган энг хавфли аломатлари айтилган.