Ўзбекистонда 2022 йилда бир қатор муҳим халқаро учрашув ва тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу ҳақда «Anadolu» агентлиги хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2022 йилда Ўзбекистонда Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитлари, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) биринчи минтақалараро форуми бўлиб ўтади.

Туркий давлатлар ташкилоти саммити

Туркий давлатлар ташкилотининг (собиқ Туркий кенгаш) биринчи саммити 2022 йилда Тошкентда бўлиб ўтади. Саммитда ташкилотни институционализация қилиш, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича қатор қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо, Венгрия ва Туркманистон эса тузилмада кузатувчи мақомига эга.

ШҲТ саммити

Бу йил Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитига ҳам мезбонлик қилади. Тадбир ёз ойларида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Саммит Эрон 2021 йилнинг сентябрида ташкилотга тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилганидан бери биринчиси бўлади.

ШҲТга аъзо давлатлар Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон бўлиб, Афғонистон, Мўғулистон ва Беларусь ташкилотда кузатувчи, Туркия эса мулоқот бўйича ҳамкор сифатида иштирок этади.

ШҲТ саммитида ташкилотга аъзо кўплаб давлатлар билан умумий чегарага эга Афғонистондаги вазиятни ҳар томонлама муҳокама қилиш ва муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

МДҲнинг биринчи минтақалараро форуми

Ўзбекистонда 2022 йилда МДҲга аъзо давлатларнинг биринчи минтақалараро форуми ҳам бўлиб ўтади. Унда МДҲга аъзо давлатларнинг турли ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Ўзбекистонлик журналист Абдували Сойибназаровнинг «Anadolu» нашрига айтишича, 2022 йилда мамлакатда бўлиб ўтадиган учрашувлар Ўзбекистон дунёга очилгани ва халқаро майдонда фаолроқ роль ўйнай бошлаганининг кўрсаткичи ҳисобланади.

«2022 йилда Ўзбекистонда ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти каби тузилмаларнинг саммитлари ўтказилиши Марказий Осиё давлатининг халқаро майдондаги нуфузини оширади», — дея қўшимча қилган журналист.

Аввалроқ Европа Иттифоқи етакчилари Россиянинг Украина билан чегарасида ҳарбийлари, Беларусдаги вазият ва миграция инқирози, коронавирус пандемияси, эмлаш ишлари, энергия нархининг ошиши ҳамда инфляция каби қатор масалаларни муҳокама қилиш учун йиғилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Халқаро ҳожатхоналар саммитини ўтказиш бўйича таклиф киритилганди.