15:15 | 04.01.22 117

Ўзбекистонда автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинди

Эски тартибга кўра, янги машина сотиб олганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланган

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинди. Ўзгариш 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун матнида келтирилган.

Фото: «Bugun.uz»

Олдинги тартибга кўра, автосалондан янги машина сотиб олганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланган. Иккиламчи бозордан машина сотиб олинганда ишлаб чиқилган йилига қараб ҳар бир от кучи учун 29 минг 700 сўмгача йиғим олинган.

«Энди шу йиғимлар 1 январдан тўлиқ бекор қилинди. Агар кимдир машина сотиб олгану, лекин ўз номига расмийлаштиришдаги катта харажатдан қочиб, ‘генеральная доверенность’ олиб, ҳайдаб юрган бўлса, унда эндиликда машинасини ўз номига ўтказиб олиши мумкин. Тўғри, ҳозир нотариусда тўланадиган давлат божининг юқори ставкаси ўз кучида турибди, аммо тез орада давлат божи ҳам камайтирилиши кутилмоқда. Янада аниқроқ айтганда, машинанинг от кучи ва йилидан қатъи назар, базавий ставканинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда», — деб ёзади блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Аввалроқ Молия вазирлиги томонидан автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқаролардан ундириладиган йиғимни бекор қилиш, шунингдек, нотариал идорада ундириладиган давлат божини пасайтириш назарда тутилаётгани маълум қилинганди.