«Давлат хизматларини кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 2022 йил 1 январдан давлат органлари тадбиркорлик субъектларидан ва фуқаролардан қатор ҳужжатларни талаб қилиш тартиби бекор қилинди. Унга кўра:

  • тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;
  • лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилингани тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;
  • давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлангани тўғрисида маълумотларни;
  • қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олингани тўғрисидаги маълумотларни;
  • кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олингани тўғрисида маълумотларни;
  • жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;
  • олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;
  • жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақида маълумотларни;
  • жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатгани ҳақида маълумотларни;
  • фуқаро «Ёшлар дафтари» ёки «Аёллар дафтари»да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;
  • олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;
  • молиявий ҳисобот нусхаларини;
  • жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;
  • ижтимоий нафақа ва пенсия тўлангани тўғрисидаги маълумотномалар талаб қилинмайди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишда, ишга қабул қилишда ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридагиларни «Электрон ҳукумат» платформаси орқали олиши белгиланди.

Аввалроқ Ўзбекистонда аттестациядан ўтиш учун ўқитувчилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилгани хабар қилинганди.