Ўзбекистонда вилоят ва туман ҳокимларининг экология ва кўкаламзорлаштиришга масъул алоҳида ўринбосарлари бўлади. Бу бўйича Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга асосан, 2022 йил 1 февралдан бошлаб:

  • вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, уларнинг ўрнида қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилади;
  • шунингдек, Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, уларнинг ўрнида қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев уй-жой масалаларига бағишланган мажлисда ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этишга тўхталиб ўтганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши ҳақида хабар берилган.