АҚШда федерал судья Пентагонни коронавирусга қарши эмланишдан бош тортган денгиз флоти ходимларини жазолаш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи дастлабки тақиқни эълон қилди. Бу ҳақда «CTV News» хабар берди.

Фото: «Army Times»

Келтирилишича, бу қарор «First Liberty Institute» нотижорат ташкилотининг 35 нафар ҳарбий-денгиз кучлари ходими ва уч заҳирадаги аскар номидан ноябрда АҚШ президенти Жо Байден, мудофаа вазири Ллойд Остин, ҳарбий денгиз флоти вазири Карлос дел Торо ва Мудофаа вазирлигига қарши даъво аризаси сабаб бўлган.

Таъкидланишича, улар суддан кейинчалик ишдан бўшатиш таҳдидисиз диний сабабларга кўра эмлашдан озод қилинишини сўраган. Округ судьяси Рид О’Коннор пандемия ҳукуматга ҳар бир америкалик эга бўлган эркинликларни бузиш ҳуқуқини бермаслиги, ҳарбий хизматчилар эса диний сабабларга кўра эмланмаслик ҳуқуқига эгалигини айтган.

«Диний эркинликнинг йўқолиши келажакда денгиз флотига етказиладиган ҳар қандай зарардан устун туради. Ҳатто энг оғир ҳолатлар ҳам конституциявий ҳуқуқлардан маҳрум бўлишни оқлай олмайди», — дея судья қарорини изоҳлаган.

Ўз навбатида, Пентагон матбуот котиби Жон Кирби Мудофаа вазирлиги бу буйруқдан хабардорлиги ва уни кўриб чиқаётганини қайд этган.

Аввалроқ Исроилда ҳарбийлар оммавий коронавирусга чалинаётгани хабар берилганди.