Қозоғистоннинг Манғистов вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарлари (мамлакат ғарбидаги нефть қазиб олувчи вилоят) аҳолиси 2 январдан буён суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошиши сабабли митинг ўтказмоқда.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси

Энергетика вазирлигининг тушунтиришича, 1 январдан бошлаб газ нархи талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда электрон биржа савдоларида белгиланади. Жумладан, суюлтирилган газнинг бир литр нархи 120 тенгега (0,27 доллар) ошган, намойишчилар уни 60 тенгега (0,13 долларга) туширишни талаб қилган.

Аҳоли туни билан намойишда иштирок этиб, митинг бўлиб ўтаётган кўчаларни тўсиб қўйган.

Ўз навбатида, мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 3 январда ҳукуматни Жанаўзен шаҳридаги вазиятни таҳлил қилишга, аҳолининг суюлтирилган газ нархи ошишини тўхтатиш ва уни пасайтириш талабини ўрганишга чақирган. Вазиятни кўриб чиқиш учун ҳукумат комиссиясини тузишни топширган.

«Ҳукуматга Жанаўзендаги вазиятни зудлик билан иқтисодий мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий соҳада кўриб чиқишни топширдим. Намойишчилар жамоат тартибини бузмаслиги керак», — деб ёзган Тўқаев ўзининг Тwиттерʼдаги саҳифасида.

Таъкидланишича, 3 январда митинг кўлами янада кенгайган. Жумладан, Атирау ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларида ҳам намойишчиларни қўллаб-қувватловчи митинглар бўлиб ўтган. Жараёнга полиция ходимлари аралашган. Улар намойиш иштирокчиларини ўраб олган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари намойишчиларга нисбатан ҳибсга олиш ва кордон ёрдамида тўсиб қўйиш тактикаси қўлланилганини рад этган.

4 январь куни Манғистов вилоятини қамраб олган газ нархининг ошишига қарши намойишларда «Тенгизшев» МЧЖ нефть қазиб олувчи ширкати ходимлари ҳам қатнашган.

Ақтаудаги намойишчилар 4 январда ҳукуматга ўз талабларини етказган. У газ ва озиқ-овқат нархларини пасайтириш, шунингдек, ишсизлик муаммосини ҳал қилишни ўз ичига олган. Манғистов вилоятига келган ҳукумат комиссияси аъзолари вазиятни ҳал қилиш бўйича  газ нархи ошишига қарши намойишчилар вакиллари билан музокаралар ўтказишни бошлаган.

«Ҳукумат комиссияси суюлтирилган газ нархини пасайтириш тарафдори бўлган фуқаролар ташаббускор гуруҳи билан йиғилиш ўтказмоқда. Иштирокчилар вазиятни бартараф этиш, жумладан, аҳоли хавфсизлигини сақлаш имкониятларини муҳокама қилмоқда», — дейилади ҳукумат матбуот хизматида.

Таъкидланишича, Қозоғистон президенти Тўқаев 5 январь куни мамлакатдаги норозилик акциялари фонида ижтимоий-иқтисодий вазият бўйича йиғилиш ўтказди.

Аввалроқ Европада газ нархи рекорд даражада ўсгани ва бунинг сабаби маълум қилинган. Шунингдек, Тожикистонда дизель ёнилғиси тақчиллиги туфайли жамоат транспорти ишламагани хабар берилган.