Қозоғистоннинг «Fly Arystan» самолёти 4 январь куни зудлик билан Урганч аэропортига қўнди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Uzbekistan Airports»

Маълум бўлишича, Қозоғистоннинг «Fly Arystan» лоукостер авиакомпаниясининг Туркистон–Истанбул йўналишида KC7425 рейсини амалга ошираётган самолёти соат 18:05 да Урганч халқаро аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширган.

Бунга сабаб йўловчилардан бири — Туркия фуқароси шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган. Шундан сўнг 150 нафар йўловчиси бор самолётни энг яқин аэропортга қўндиришга қарор қилишган. Йўловчи тез ёрдам машинасида олиб кетилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун Урганч шаҳридаги тиббиёт муассасасига ётқизилган.

«Fly Arystan» авиакомпаниясининг самолёти яқин бир неча соат ичида Истанбулга қайта учади.

Аввалроқ Қирғизистон самолёти Тошкент аэропортига фавқулодда қўнгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, самолёт ўнг двигателининг музлаши туфайли Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига фавқулодда қўнишга рухсат сўраган.