Россияда 2021 йилнинг 11 ойи давомида мигрантларни сохта рўйхатга олиш билан боғлиқ жиноятлар сони 2020 йилга нисбатан деярли 16 фоизга камайгани маълум бўлди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Известия» хабар берди.

Фото: «Reporter.kg»

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 11 ойи давомида 27 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. «2020 йилнинг январь–ноябрь ойларидаги кўрсаткичга нисбатан 15,8 фоизга пасайиш кузатилмоқда», дея маълум қилинган хабарда. Таъкидланишича, мигрантларни сохта рўйхатга олиш, қонунга кўра, 100 мингдан 500 минг рублгача жарима ва 3 йилгача озодликдан маҳрум этилишга сабаб бўлади.

Шу билан бирга, вазирликнинг аниқлик киритишича, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб Россияда ноқонуний меҳнат қилган хориж фуқаролари нафақат жаримага тортилиши, балки мамлакатга қайтиш тақиқланган ҳолда чиқариб юборилиши мумкин. Қайд этилишича, 2020 йилдан буён 7 миллиондан ортиқ хорижлик Россияда қонуний меҳнат фаолияти учун рухсатнома олган.

Аввалроқ Россияда мигрантлар учун янги қоидалар кучга кирганди. Шунингдек, мигрантлар Россиядаги меҳнат бозорига қандай таъсир қилиши маълум бўлганди.