Самарқанд шаҳрида ёмғир сабаб янги туннель деворларидан сув отилиб чиққани хабар қилинганди. «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасидаги йўл ўтказгич қурилишида лойиҳага кўра, асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, шаҳар аҳолисига Янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликнинг олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида йўллар очиб берилган бўлиб, ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Таъкидланишича, туннель қисмининг деворларидан сув ўтиш ҳолати ҳали қурилиш ишлари давом эттирилаётган сув қочириш — ирригация тизимидаги лотокларга ҳар хил турдаги тиқилишлар оқибатида юзага келган. Туннель деворларига ўрнатилган плиталар «қуруқ монтаж» усулида ишланган бўлиб, уларнинг орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди.

«Лойиҳа ечимига кўра, ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфальт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда қайд этилган ишлар тўлиқ якунланиб, юзага келган нохуш ҳолатлар бартараф этилади», дейилади хабарда.

Маълумот учун, 31 декабрь куни вилоят ҳокими иштирокида туннель фойдаланишга топширилганди. Иншоот қуриб битказилганига 5 кун ҳам бўлмасидан сифатли эмаслиги маълум бўлган.

Telegram’даги «Davletovuz» каналида лойиҳа тендерсиз амалга оширилгани ҳамда унинг қурилиши учун 143 миллиард сўм ажратилгани айтилган:

«Умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган йўл иншооти, афтидан, кеча ёққан ёмғирлар синовидан ўта олмаган.

2019 йилги маълумотларга кўра, мазкур туннель ‘Ўзбекистон темир йўллари’ АЖ ‘Кўприкқурилиш’ трести УК томонидан амалга оширилиши керак эди.

Ҳукумат қарори билан лойиҳачи, пудратчи ташкилотларни тўғридан-тўғри энг яхши таклифлар асосида танловларсиз белгилаб олишга мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига истисно тариқасида рухсат берилган».