Самарқанд шаҳрида ёмғир сабаб туннель шаклидаги янги йўл ўтказгич деворларидан сув отилиб чиққани акс этган видео тарқалди.

Коллаж: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 31 декабрь куни вилоят ҳокими иштирокида шаҳарнинг Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасида барпо этилган туннель фойдаланишга топширилганди. Иншоот қуриб битказилганига 5 кун ҳам бўлмасидан сифатли эмаслиги маълум бўлди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Telegram’даги «davletovuz» каналида лойиҳа тендерсиз амалга оширилгани ҳамда унинг қурилиши учун 143 миллиард сўм ажратилгани айтилган:

«Умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган йўл иншооти, афтидан, кеча ёққан ёмғирлар синовидан ўта олмаган.

2019 йилги маълумотларга кўра, мазкур туннел ‘Ўзбекистон темир йўллари’ АЖ ‘Кўприкқурилиш’ трести УК томонидан амалга оширилиши керак эди.

Ҳукумат қарори билан лойиҳачи, пудратчи ташкилотларни тўғридан-тўғри энг яхши таклифлар асосида танловларсиз белгилаб олишга мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига истисно тариқасида рухсат берилган», дейилади хабарда.

Шунингдек, «Ўзгидромет» мутахассиси ушбу вазиятга қуйидагича муносабат  билдирган:

«Туннель кўринишидаги йўл ўтказгич очилиш маросимида кетган лавҳада журналист қиз томонидан: ‘Режа бўйича 3 йилда қурилиши лозим бўлган туннель 1,5 йил ичида, 1 йил ичида қурилиши лозим бўлган галарея типидаги йўл ўтказгич эса олти ой ичида фойдаланишга топширилишига эришилди’, — деган.

‘Нега бунча тез ва нега галарея типидаги йўл қурилиши сўнгги босқичи совуқ қиш ойларида барпо этилди?’ дея савол берадиган одамнинг ўзи йўқ.

Бу типдаги кўприк лойиҳа умумий қиймати 143 миллиард сўм ( тахминан 14 миллион доллар) бўлиб, қурилиш объектининг параметрлари қуйидагича:

  • йўл ўтказгич узунлиги — 1 километр;
  • баландлиги — 5,8 метр;кенглиги — 26,4 метр;
  • ёпиқ қисмининг узунлиги — 120 метр.

Хўш, лойиҳада ҳудудда кузатилган ёғинларни хавфсиз талофатсиз ўтказиб юборувчи дренажларни қурушда қандай ёғин миқдори инобатга олинган? Ўзи умуман, қурилиш лойиҳасида табиий омил таъсирлари эътиборга олинганми? Самарқанд шаҳрида муқаддам кузатилган максимал ёғин жадаллиги тўғрисидаги маълумотлар асосида сув ўтказиш иншотлари лойиҳада кўрсатилганми?

Ҳисобга олинган бўлса нега ‘тўртта ёмғир’да сув янги объект деворларидан сизиб чиқмоқда? Баҳор-ёзги сел-сув тошқин келтириб чиқарадиган ҳақиқий интенсив ёғинлар даврида нима бўлади?

Ўзи бу кўприкни қайси пудрат ташкилоти ‘шес секундда’ қуриб ташлади? Ва нима учун ‘шес секундда’?», дейилади хабарда.

«Самарқанд метеорологик кузатув станцияси ўз иш фаолиятини бошлаганига мана салкам бир асрдан кўп вақт бўлди. У ўзида ҳудудда кузатилган асрий ёғингарчилик маълумотларини тўплаб, йиғиб ётибди. Маълумотлар шу каби қурилиш объектларини барпо этиш учун тўпланяпти. Нега чуқурроқ таҳлил олиб бориб, мукаммал объектлар қурмайсизлар? Сизларга ким, нима ҳалақит беряпти?», — дейди «Ўзгидромет» мутахассиси.

Аввалроқ Наманганда кучли ёғингарчилик сабаб кўчаларни сув босгани ҳақида хабар берилганди.