Тожикистондан 40 дан ортиқ этник қирғизлар чиқариб юборилди

Тожикистоннинг Жергетал вилоятида вақтинча истиқомат қилаётган, аввалроқ Тожикистон фуқаролигидан чиқиб, Қирғизистон фуқаролигини олган 47 нафар этник қирғиз Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан депортация қилинди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, «Knews» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Маълум қилинишича, уларнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши 2022 йил 2 январь куни тахминан соат 21:00 дан 2022 йил 3 январь куни соат 00:50 га қадар содир бўлган.

Маълумотларга кўра, 2 январь куни Жергетал вилояти ҳокимияти вакиллари Тожикистон фуқаролигидан воз кечган этник қирғизлар билан учрашиш учун уларни вилоят марказига йиғиб, учрашув мақсади ҳақида ўша жойда маълумот беришга ваъда қилган. Учрашувда Тожикистон хавсизлик кучлари, миграция хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирок этган.

Этник қирғизлар нима учун тўпланганларини маълум қилишни сўраган, бироқ ҳеч ким жавоб бермаган. Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари фуқароларнинг бир қисмига, жумладан, аёллар ва қарияларга нисбатан зўравонлик ишлатган. «Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари оломонни қўрқитиб, доимий босим ўтказган», дейди манбалар.

Шундан сўнг 47 нафар этник қирғиз микроавтобусларга ўтқазилиб, Қирғизистон ҳудудига жўнатиш учун қирғиз-тожик чегарасидаги «Карамиқ» назорат-ўтказиш пунктига олиб кетилган ва Тожикистон хавфсизлик ходимлари томонидан мамлакатда «исталмагани» сабабли уларга кириши тақиқлангани ҳақида огоҳлантирилган. Бунинг сабаби эса тушунтирилмаган. «Агар кирсангиз, жиноий жавобгарликка тортиласиз, Тожикистонда яшовчи қариндошларингиз ҳам жабр кўради», деб таҳдид қилинган.

Таъкидланишича, чиқариб юбориш чоғида Тожикистон хавфсизлик кучлари қирғиз миллатига мансубларнинг телефонларини текшириб, тожик расмийларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини тасдиқловчи барча фотосурат ва видеоларни ўчириб ташлаган.

Манбанинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳудудида этник қирғизларга нисбатан зулм давом этмоқда. Тожикистон давлат идоралари, муассаса ва корхоналарида ишлаётган этник қирғизлар вакиллари ноқонуний равишда ишдан бўшатилмоқда. Этник қирғизларни асоссиз жиноий жавобгарликка тортиш амалиёти босим ва товламачилик мақсадида ҳам қўлланилмоқда. Тожикистон ҳукумати этник қирғизларни Қирғизистон фуқаролигидан воз кечиб, тожик паспортини қайтариб олишга мажбурламоқда.

«Тожикистон куч тузилмалари вакиллари кўпинча ўз ҳаракатларини Қирғизистонда тожик талабалари камситилиб, таъқиб қилинаётгани билан изоҳлайди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Садир Жапаров қирғиз-тожик чегараси бўйича тезкор йиғилиш ўтказгани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз