«Толибон» ҳаракати мамлакатдан қочиб кетган афғон учувчилари бошқарган самолётларни Тожикистон ва Ўзбекистондан қайтариш бўйича олий даражадаги музокаралар бошлангани маълум қилди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот котиби ўринбосари Иномулла Самангонийга таяниб, «TOLOnews» хабар берди.

Фото: «Defence daily»

Баъзи статистик маълумотларга кўра, Афғонистоннинг чиқиб кетган самолётлари сони 164 тадан ошади. «Қўшни давлатларга, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистонга 40 дан ортиқ самолёт борган. Ҳозирда уларни қайтариш бўйича музокаралар бошланди», — дея маълум қилган у.

Самангонийнинг айтишича, икки давлат ҳукуматларига самолётларни Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматига қайтариш бўйича бир неча бор мурожаат қилинган. Самолётлар борасида қўшни давлатлардан таклифлар билдирилган. Аммо улар ҳалигача қайтариб берилмаган.

Таъкидланишича, Қўшма Штатлар ва Альянс Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий миссияси доирасида собиқ Афғонистон ҳукуматини кўплаб самолётлар билан таъминлаган. Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани ва унинг яқин ходимлари Ўзбекистонга учта самолётда учиб кетган. Марказий Осиё давлатларига етказилган самолётларнинг аниқ сони маълум эмас.

«Ушбу самолётларга эга бўлишнинг энг яхши йўли Афғонистон ҳукуматининг тан олинишидир», — дейди армия фахрийси Асадулла Надим.

Яна бир армия фахрийси эса бу самолётлар Афғонистон халқининг мулки экани ва шахс ёки партияга тегишли эмаслигини айтган.

Аввалроқ «Толибон» Ўзбекистонни Афғонистон ҳукумати қулаганидан кейин афғон учувчилари у ерга олиб ўтган самолётларни қайтаришга чақирганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати афғон учувчилари томонидан қўшни давлатларга ўғирлаб кетилган бир қанча самолётларни қайтаришга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилганди.