«Толибон» транспорт вазирлигининг расмий вакили Имомиддин Аҳмадий Кобул аэропорти бошқаруви бўйича маълумот берди. Бу ҳақда «TOLO news» хабар қилди.

Фото: «124.news»

Маълум қилинишича, Туркия ва Қатар компаниялари Кобул халқаро аэропортини биргаликда бошқаришга келишган. Аммо бу келишув фақат аэропортга техник хизмат кўрсатишнигина ўз ичига олади. Имомиддин Аҳмадий яқин икки ҳафта ичида бу бўйича томонлар ўртасида якуний қарор эълон қилинишини айтган.

«Биз аэропортлар бошқарувини ҳеч кимга бермаймиз. Халқаро аэропортларнинг техник масалалари бўйича стандарт ва халқаро компаниялар билан шартномалар тузамиз. Техник гуруҳларнинг баъзи аъзолари коронавирусга чалинган. Шунингдек, янги йил келиши билан делегациялар таътилга чиққан ва шу сабабли музокаралар кечиктирилган. Аммо техник гуруҳлар алоқада, шунинг учун якуний қарор эълон қилинади», — деган «Толибон» расмийси.

Музокаралар техник масалалар, жумладан, ҳаво суверенитети назорати, самолёт ва йўловчилар хавфсизлиги, шунингдек, ер усти хизматларини кўриб чиқишга қаратилган.

Маълумот учун, Қатар ва Туркиянинг қўшма делегацияси декабрда Ислом Амирлиги билан Афғонистоннинг йирик аэропортларини бошқариш масалаларини муҳокама қилиш учун Кобулга келганди. Шундан сўнг томонлар ушбу масалани кузатиб бориш учун техник гуруҳларни шакллантириш бўйича келишувга эришган. Афғонистон техник гуруҳи 7 нафар аъзодан иборат бўлиб, уларга транспорт ва авиация вазирлиги бошчилик қилади.

Аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари «Толибон» ҳаракати билан Кобул халқаро аэропортини бошқариш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Кобул аэропортини қайта номлаганди.