Туркиянинг 2021 йилда мудофаа ва авиация саноати экспорти рекорд даражада — 3 миллиард доллардан ошиб кетди. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Фото: «aHaber»

Маълум қилинишича, Туркия мудофаа ва авиация саноатининг кўплаб турдаги маҳсулотлари 2021 йилда илк бор экспорт қилинган, импорт қилувчи давлатлар рўйхати ҳам кенгайган. 2020 йилда бу бўйича экспорт 2 миллиард 278 миллион 695 минг долларни ташкил этган. 2021 йилда бу кўрсаткич рекорд даражада — 3 миллиард 224 миллион 786 минг долларга кўтарилган. Аввалги экспорт рекорди  2019 йилда қайд этилган (2 миллиард 740 миллион 988 минг доллар).

Шу билан бирга, декабрь ойида экспорт бўйича энг муваффақиятли кўрсаткичларга эришилган: экспорт ўсиши 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 55 фоизни ташкил этган, ташқи етказиб бериш ҳажми рекорд даражадаги 433 миллион 9 минг долларга етган.

АҚШ Туркиянинг мудофаа ва авиация саноати маҳсулотларининг асосий импортчисига айланган — 1 миллиард 127 миллион 861 минг доллар. Улардан кейинги ўринларда Озарбайжон — 202 миллион 221 минг доллар, Қатар — 180 миллион 547 минг доллар, Бирлашган Араб Амирликлари — 161 миллион 526 минг доллар, Марокаш — 159 миллион 667 минг доллар.

Туркиянинг мудофаа ва авиация саноатининг Эфиопия, Бангладеш, Қирғизистон, Руанда, Литва, Конго, Парагвай, Словакия, Қувайт, Буркина Фасо, Чад ва Ўзбекистон каби давлатларга экспорти 2020 йилга нисбатан сезиларли даражада ошган.

Аввалроқ Туркия ҳаво ҳужумлари учун янги авиатизим ишлаб чиққани хабар берилганди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятларда дронлардан фойдаланиши маълум қилинган.