Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова 2 январь куни шаҳарда фаолият юритувчи «Marokand gold oil extraksiya» масъулияти чекланган жамияти сотиб олган чигит Қашқадарё вилояти ҳокими Мурод Азимов топшириғи билан вилоят ҳудудида ушлаб турилганини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Алимованинг сўзларига кўра, «Marokand gold oil extraksiya» МЧЖ раҳбари Сайдин Рўзиев Ўзбекистон товар ва хом ашё биржаси орқали сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан Самарқандга олиб кетишда муаммога дуч келган. У юк ортилган машиналар вилоят чегарасида йўл патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилгани ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Нодир Эркаевнинг топшириғи асосида ушлаб турилганлигини айтган. Каттақўрғон шаҳар ҳокими эса телефон орқали Нодир Эркаевдан чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилган. Ҳоким ўринбосари эса чигит вилоят ҳокими рухсат бермаса, чегарадан қўйиб юборилмаслигини маълум қилган.

Иккинчи томон нима деяпти?

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ҳақиқатдан ҳам 2021 йил 28 декабрь куни Чироқчи туманидаги «Умакай» постида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан чигит маҳсулоти ортилган 3 та юк транспорт воситаси тўхтатилган.

Қайд этилишича, корхона экспедитори чигит маҳсулотини «Oq saroy klaster»дан «Marokand gold oil extraksiya» МЧЖга жўнатгани ҳақида ички ишлар ходимларига қўлда ёзилган қоғоз шаклидаги (QR-кодга эга бўлмаган) юк хатини тақдим қилган. Лекин тақдим этилган ҳужжатлар орасида электрон ҳисобварақ-фактура, биржа савдосидан ютиб олганлиги тўғрисида электрон «Тикет», шартнома ва ишончнома бўлмаган.

Ҳокимлик «Marokand gold oil extraksiya» олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR-кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура бўлмагани ва тақдим этилган ҳужжатлар шубҳали экани сабабли 3 та юк транспорт воситасидаги чигит маҳсулотлари қонуний равишда вақтинча сақловга олинганини маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 489-сонли қарорига келтирилган 2-иловада товарлар транспорт воситасида ташилганда электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура QR-кодга эга бўлган электрон тарзда ёки қоғоз нусхаси чоп этилган ҳолда ташувчига тақдим этилиши белгиланган.

«Kun.uz» тарқатган хабарга кўра, «Maroqand Gold Oil Ekstraksiya» масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Умиджон Тоиров ҳужжатларда муаммо йўқлигини айтган. Шунингдек, QR-кодли битим имзоланган. Пуллар кўчирилган ва электрон ҳисоб-фактура шакллантирилган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг айтишича, ушбу масала юзасидан суриштирув ўтказилмоқда ва унинг натижаси бўйича оммага хабар берилади.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ҳамда ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги, 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.

Давлат органларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш тақиқланади. Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 12-моддасига асосан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятига оқибатда рақобат чекланиши мумкин бўлган тарзда аралашиши тақиқланади, рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситувчи ҳаракатларига, шу жумладан, тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга йўл қўйилмайди.

«Bugun.uz» мухбири «Marokand gold oil extraksiya»га тегишли чигит масаласи бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан боғланди. Қайд этилишича, қўмита ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлаган. Шунингдек, бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов ҳам мазкур масалани ўрганаётганини қайд этди.

Бу биринчиси эмас

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўрнатилган тартибда харид қилинган пахта чигитини бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб чиқишда муаммоларга дуч келаётганлиги юзасидан норозиликлар биринчи марта янграмаяпти.

Аввалроқ Антимонополия қўмитаси Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатган бўлиб, хўжалик юритувчи субъектларга улар фаолият кўрсатаётган ҳудудидан қаъти назар қонуний харид қилинган махсулотларни бир ҳудуддан бошқасига олиб чиқиб кетишда муаммолар юзага келган тақдирда қўмитага мурожаат қилишларини сўраган.