10:53 | 05.01.22 48

«Абдулла Қодирий — халқпарвар ва эрксевар ёзувчи, ўзбек романчилиги асосчиси» — Ҳамид Наййирободий

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси мазкур мавзуда ёзилган мақоласини Bugun.uz'га тақдим қилди

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий «Абдулла Қодирий — халқпарвар ва эрксевар ёзувчи, ўзбек романчилиги асосчиси» сарлавҳали мақоласини «Bugun.uz»га тақдим қилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Қуйида элчи томонидан ёзилган мақола ҳавола этилади.

«Ўзбек адабиёти ва санъати жаҳон адабиёти ва санъатининг ёрқин ва ҳайратланарли саҳифаларидан бирини ташкил этади. Ўзбек халқ оғзаки адабиётининг қадимий намуналари икки юздан ортиқ достон, эртаклар ва эмик қўшиқлардан иборат. Форс классик адабиёти ўзбек ёзма адабиётининг ривожига сезиларли таъсир кўрсатган. Ўзбек адабиёти XVIII-XIX асрларга қадар асосан ошиқона ва орифона мазмундаги лирик шеъриятдан иборат бўлган.

XIX аср охирлари – XX аср бошларида ўзбек адабиётида янги давр бошланди. Абдулла Қодирий XX аср бошларидаги ўзбек адабиётининг буюк вакилларидан биридир.

Абдулла Қодирий XX асрдаги нуфузли ўзбек ёзувчиларидан бири бўлиб, ўз тарихий романлари орқали реализмни ўзбек адабиётига олиб кирди ҳамда ўзининг қимматли дидактик асарлари билан Ўрта Осиёнинг кўплаб ёзувчилари ва романнависларига таъсир ўтказди.
У ўз давридаги мураккаб вазият туфайли асарларини турли тахаллуслар билан нашр этди. Албатта, у ўзининг қисқа умрида жаҳон маданияти ва адабиётига қимматли асарлар тақдим этди. Қодирийнинг энг машҳур ва буюк асарларидан бири сифатида унинг «Ўтган кунлар» романини эслатиш мумкин.

Илк ўзбек романи бўлмиш «Ўтган кунлар» Чор Россияси истилоси арафасидаги Ўрта Осиёнинг ижтимоий-сиёсий муҳитини кўрсатиб берувчи ишқий-сиёсий бир романдир.

Асарнинг бош қаҳрамони Отабек Тошкентнинг нуфузли оиласи вакили ва бир савдогар бўлиб, жамиятнинг илғор фикрли бир вакили сифатида ўз даври давлатидаги адолатсизликлар ҳамда жамият ва халқнинг қолоқлигини танқид қилади.

У Марғилонга тижорат сафари давомида ишқ-муҳаббат можаросига йўлиқади. Романнинг катта қисми ушбу мавзу баёнига бағишланади.
Романда тасвирланган эронлик фуқаро – болалигида туркманлар томонидан ўғирланиб, қул қилиб сотилган Ҳасанали Отабекнинг вафодор ҳамроҳи бўлиб, унинг учун отадек йўл кўрсатувчи вазифасини бажаради.
Ушбу асар ҳақиқатда Абдулла Қодирийнинг курашувчан ва эрксевар ўй-тафаккурининг бадиий акси бўлиб, охир-оқибат унинг 1938 йили Сталин репрессиялари қурбонига айланишига сабаб бўлди.

«Ўтган кунлар» романи шу пайтга қадар бир неча тилларга, жумладан рус ва инглиз тилларига таржима ва нашр қилинган. Бу асар энди форс тилига ҳам таржима қилинди. Ушбу гўзал ва ўқишлик роман форсийзабон ўқувчиларни энг машҳур ўзбек романларидан бири, шунингдек, Чор Россияси истилоси арафасидаги Ўрта Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий вазияти билан таништиради»

Ҳамид Наййирободий, Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси.