Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни тайинловлардан бошлаймиз. Собиқ маданият вазирининг ўғли Президент Администрациясида шўъба мудири этиб тайинланди.

Фото: Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

2017–2018 йилларда Ўзбекистон маданият вазири лавозимида ишлаган Бахтиёр Сайфуллаевнинг ўғли Нодирбек Сайфуллаев Президент Администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири лавозимига тайинланди. У ҳозиргача Миллий рассомлик ва дизайн институтига ректорлик қилаётганди.

Энди «загранпаспорт»лар Давлат хизматлар марказидан ҳам берилади ва унинг «нархи» арзонлашди.

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб, хорижга чиқиш паспортлари Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этилади.

Фото: «Bugun.uz»

Бунда Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бериш учун тўлов миқдори БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм)ни ташкил этади. Маълумот учун, ушбу тўлов миқдори аввал БҲМнинг 1,2 баравари бўлган — 324 минг сўм.

Ўзбекистонда 2021 йилда ҳарорат ўртача меъёрдан юқори бўлди. «Ўзгидромет» хизмати 2021 йилда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,4–2,7 даража юқори бўлганини маълум қилди. Охирги ўн йилликда иқлимнинг глобал исиши кузатилмоқда. У атмосферага парник газларни антропоген ташлашлар, шунингдек, бошқа иқлимий факторлари натижасидадир.

Ўзбекистонликлар учун Умра сафарига рухсат берилди. 

Фото: «Reuters»

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров 5 январь куни Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан «Умра—2022» мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади.

Умра сафарларининг бошланиш санаси ва биринчи рейснинг учиш вақти ҳақида қўшимча хабар қилинади.

Энди куннинг асосий мавзуси — Қозоғистон мавзусига ўтамиз: чегарадаги вазият, митингларда ўзбекларнинг иштироки ва бошқалар ҳақида.

Фото: «РИА Новости»

Қозоғистонда 2 январдан буён газ нархи ошишига қарши аҳоли намойишлар ўтказмоқда. 4 январь куни намойишчиларга талабларни бажаришга — ёқилғи нархини литри учун яна 50 тенгега туширишга ваъда берилган. Лекин бу ҳам митинг кўламини бостиришга ёрдам бермаган. Қозоғистонда давом этаётган намойишлар чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари 200 дан ортиқ одамни ҳибсга олган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев яқин олти ойда коммунал хизматлар учун тарифларни оширмасликни таклиф қилган, суюлтирилган газни электрон савдо ва биржалар орқали сотишни кечиктиришни буюрган. Шунингдек, Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарган. Батафсил маълумот бу ерда.

Бу орада Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев халқига мурожаат қилиб, намойишчиларга қарши қаттиққўллик билан жавоб қайтарилиши ва мамлакат Хавфсизлик Кенгаши раиси Нурсултон Назарбоев вазифасидан кетиб, унинг ўрнини ўзи эгаллаганини маълум қилди.

Биринчи ва асосий масала — Қозоғистон билан чегарадаги вазият. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари мамлакатнинг Қозоғистон билан чегараси штат режимида қўриқланаётганини маълум қилди.

«Bugun.uz» мухбири намойиш ўтказилаётган ҳудудларда Ўзбекистон фуқаролариинг бор-йўқлиги борасида маълумот олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Фото: «Tengrinews»

Вазирлик матбуот хизмати ходимининг сўзларига кўра, ҳозирда бу ҳақда уларда ҳеч қандай аниқ маълумот мавжуд эмас.

Шунингдек, Қозоғистон бутунлай интернетдан узиб қўйилди. Айни вақтда Қозоғистон маҳаллий нашрларига кириш имкони чекланган. Бу Ўзбекистонга ҳам таъсир қиладими?

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қозоғистонда интернетнинг узилиши Ўзбекистонда интернет билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармаслигини «Bugun.uz»га маълум қилди.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов Қозоғистонда содир бўлаётган воқеаларга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўқиш тавсия этилади:

  • Эксперт минбари. Динларга бешик замин. Марказий Осиёдаги буддавийлик дини манзилгоҳлари тарихидан;
  • Кучли совуқ ва омбордаги ёнилғи заҳираларининг камлиги туфайли Европа яқин икки ой ичида газсиз қолиши мумкин;
  • Коронавирус: икки йил ичида ковид ва пандемия ҳақида нималар маълум бўлди?

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.