Марказий Осиё халқларининг қадимги тарихи ва маданиятида буддавийлик муайян ўрин эгаллаган. У зардуштийлик дини таъсирида ва у билан ёнма-ён шаклланган динлардан бири бўлган. Буддавийлик милоддан аввалги VI–V асрларда Ҳиндистоннинг шимолида вужудга келган. Кейинчалик Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё ҳамда Узоқ Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Унинг вужудга келиши ҳинд жамоаларида рўй берган муҳим ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар — уруғ-қабилачилик алоқалари ва тартибларининг емирилиши, синфий жамиятнинг вужудга келиши ва йирик қулдорлик давлатларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ эди. «Bugun.uz» колумнисти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти таянч докторанти Жаҳонгир Остонов ушбу мақолада Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудидаги буддавийлик дини манзилгоҳлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Термиз археология музейи

Буддавийликнинг Марказий Осиё ва Шарқий Туркистонда тарқалиши Юнон-Бақтрия подшоҳлигининг ўрнида қарор топган Кушон империясининг ривожланган даврига тўғри келади. Буддавийлик билан боғлиқ обидалар, ибодатхоналар, ҳайкаллар, деворларга солинган расмлар Марказий Осиёда топилган қадимги тарихий обидалар орасида муҳим ўрин эгаллайди. Буддавийлик билан боғлиқ иморатлар, қурилишлар ҳозирда ҳам Шимолий Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Жанубий туманларида, Тожикистонда ва Қозоғистон жанубида мавжуддир.

Ўзбекистон жанубидаги археологик топилмалар Тартима, яъни Термиз шаҳри Кушон Бақтриясининг энг муҳим ва йирик буддавийлик марказларидан бири бўлганлигидан дарак беради. Бу шаҳар географик жиҳатдан Амударё орқали ўтадиган муҳим кечув жойида жойлашгани туфайли қисқа вақт ичида Бақтриядаги энг йирик шаҳар марказларидан бирига айланган. Бу ерда Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Буюк ипак йўлининг савдо йўллари кесишган. Термиз халқларнинг маънавияти ва маданият билан ўзаро алмашиниш маркази бўлган ва бу ерда юнон–рум дунёси, Ҳиндистоннинг ўзига хос маданияти уйғунлигини намойиш қиладиган меъморчилик, ҳайкалтарошлик, рассомчилик, коропластика, заргарлик юқори даражада ривожланган. Бу ерда топилган кўплаб ёзувлар — Бақтрия ёзуви, кхарошти, брахма ва бошқа ёзувлар шаҳар аҳолисининг маънавий ҳаёти мукаммал ривожлангани, саводхонлиги юқори даражада бўлганлигидан далолат беради. Кушон подшолигининг бағрикенглик анъаналарига мувофиқ шаҳар аҳолиси зардуштийлик, буддавийлик ва бошқа динларга сиғинган.

Бу ерда топилган кўплаб йирик археологик ёдгорликлар — ўттиздан ортиқ ибодатхона ва монастирлар Кушон даврида Термизнинг Бақтриядаги буддавийлик дини ва бадиий маданияти маркази сифатидаги ўрни ошганидан дарак беради. Бу ҳудудда топилган моддий-маънавий ва бадиий артефактлар Термиз, Бақтрия ва Марказий Осиёда буддавийлик тарихи учун катта аҳамият касб этиши билан бирга умумжаҳон будда маданиятига қўшилган улкан ҳисса ҳисобланади.

Қоратепа

Фото: «Uzbekistan Travel»

Булар орасида энг йирик иншоот эски Термиздаги Қоратепа номли ғор ибодатхонасидир. Бу очиқ сариқ рангли катта тепалик бўлиб, унга қумтошли ғор бинолар ўйиб солинган, ер устида бинолар барпо этилган, буларнинг ҳаммаси бир бутун уйғун бўлган будданинг 20–25 ибодатхонасини ташкил қилиб, Кушон подшолигида буддавийликнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради. Деворларга солинган расмларни, ҳайкалларни, тоат-ибодат буюмларини, тангаларга, совға қилинган сопол идишларга битилган ҳар хил ёзувларни ўрганишлар Қоратепанинг милоднинг I аср охири ва II асрнинг бошларида бунёд қилинганлигидан, араблар Ўрта Осиёга кириб келганларидан кейин улар тугатилган ва кейинчалик вайронага айланганлигидан далолат беради.

Тепалик буддавийлик руҳонийларининг энг катта маркази ҳисобланган ва у Кушон империяси давридаги Термизнинг ташқи девори ҳимояси остида, шаҳар ташқарисида жойлашган бўлган. 1961 йилдаги тадқиқот экспедицияси натижасида Қоратепа биноларининг уч қавати топилган. Асосий мажмуанинг уч қисми ғарбдан шарққа қараб, деярли тўғри тортилган. Махсус ҳовлида Будда қабрининг тимсоли бўлган «ступа» ўрнатилган.

Фаёзтепа

Қоратепа шарқидан саксон метр нарида Фаёзтепа ибодатхона-монастири мажмуаси жойлашган бўлган. Фаёзтепа ибодатхонаси тўғри тўртбурчакли тузилишга эга. Бино учта тенг қисмга ажралган, уларнинг ҳар бирида ички ҳовли бўлган. Бир қисмида яшаш хонасини ўз ичига олган монастирь (роҳибхона) жойлашган. Унда роҳиблар яшаганлар. Бундан ташқари, овқатланиладиган хона, ошхона, нон ёпиладиган хона каби ёрдамчи хоналар бўлган. Учинчиси ибодатхонага ўхшаган марказий хона бўлиб, деворлари хом ғишт ва пахсадан қурилган, сомонли лой билан сувалган ва оқланган.

Мажмуа қадимий Термиз шаҳри ҳудудида, Амударё соҳиллари ва қадимий карвон йўли ўртасида жойлашган. IХ асрдан бошлаб мажмуа вайрон бўлишни бошлаган ва охир-оқибат қумтепалар остида қолиб кетган. 1968 йилда бу ҳудудда Будда ҳайкали топилган. Шундан сўнг бу ҳудуд диққат билан ўрганилиб, реставрация қилиб келинмоқда. Бир вақтлар бу ерда учта катта бино бўлган: ибодатхона, монастирь ва хўжалик хоналари бўлган ҳовли. Мажмуа ўзининг улуғворлиги билан ҳайратга солади ва дизайн ечимлари билан кишини ажаблантиради. Деворлари чизилган мавзули расмлар билан безатилган бўлган. Ибодатхона ўн тўққизта алоҳида кенг тўсиқли хоналардан иборат бўлиб, деворларида чуқур токчалари бўлган.
Ибодатхонанинг ўнг томони юқорисида юмалоқ гумбазли ва пойдевори хочсимон бўлган кичик ступа жойлашган. Гумбаз қизил нилуфаргулнинг гуллари билан безатилган. Бу ерда покланиш маросими ўтказилган.

Ибодатхонанинг марказий қисмида ҳовли бўлган. У бинога нафислик ва бетакрорлик бағишлаган, чунки ҳовли деворлари устунлар ва бўртма расмлар билан тўлдирилган эди. Ҳовли ўртасида учлик тамғаси топилган бўлиб, унда муқаддас бодҳа дарахти остида тинч ва руҳий уйғунликда ўтирган Будда тасвирланган. Бутун композиция илоҳийлик, тинчлик ва осойишталикнинг тимсолига айланган. Топилган учлик тамғаси энг қимматбаҳо топилма бўлиб, Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланади, унинг нусхасини эса Термиз археологик музейида кўриш мумкин. Фаёзтепа ибодатхона мажмуаси ўзининг бой битиклари ва яхши сақланган ҳайкаллари билан бошқа ёдгорликлардан ажралиб туради. Мажмуа 19 та алоҳида бинодан иборат бўлиб, унинг деворлари чуқур ўйилган мустаҳкам қўрғон шаклида қурилган. Ундаги алоҳида буддавийлик ҳовончаси тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотган. Мажмуага махсус қувурлар орқали Амударёдан сув келтирилган.

Фото: «Uzbekistan Travel»

Фаёзтепа фақатгина Марказий Осиё ҳудудида жойлашган ибодатхоналардан бири бўлиб қолмасдан, балки буддавийлик суратлари акс этган энг ноёб ёдгорликлардан бири ҳисобланади. Хусусан, ибодатхонанинг саждагоҳида Будда ҳайкали жойлашган, саждагоҳ деворлари ранг-баранг деворий суратлар билан безатилган. Мазкур ҳайкал ёши эрамиздан аввалги I асрга тўғри келади. Кўпчилик ҳайкаллар қизил ранг билан бўялган, сўнг устидан олтин суви юргизилган. Саждагоҳ деворида қизил кийимда Будда тасвири сақланган. Унинг 2 томонидан елкаларига елкапўш ташлаган узун кийимдаги 2 одам расми туширилган. Мазкур ҳайкаллар бугун Ўзбекистон тарихи музейининг энг нодир экспонатларидан бири ҳисобланади.

Далварзинтепа

Кушон давридаги ғоят муҳим бўлган буддавийлик маркази Сурхондарёнинг ўнг соҳилида, Шўрчи шаҳрининг Шимоли Шарқидан 10 километр масофада жойлашган Далварзинтепа ёдгорлигидир. Мазкур мажмуа 1962 йили аниқланган. Бу ерда олиб борилган қазиш ишлари давомида фил суягидан ясалган турли хил буюмлар топилган, улар орасида дунёда энг қадимги шахмат доналари (эрамизнинг 1–2 асрлари), қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, тангалар ва Юнон-Бақтрия даврига оид нозик сопол буюмлар алоҳида ўрин эгаллайди.

Топилмалар ичида мусиқачилар ҳайкалчалари катта қизиқиш уйғотади, зеро улар шу даврларда яшаб ўтган одамларнинг мусиқага бўлган қизиқишининг намунасидир. У вақтларнинг мусиқий асбоблари орасида калта удни учратиш мумкин. Мусиқачиларнинг (ўтириш) ҳолатидан эллин анъаналари сезилиб туради. Мусиқачининг қизғиш-жигарранг асбоби Бақтрия арфасини, Ўрта Шарқда жуда ҳурматга сазовор бўлган «осмон мусиқасини» ёдга солади. 1972 йилда қадимги шаҳарчанинг кўчалари ўрганилаётганда уй деб тахмин қилинаётган бинолардан бирида оғирлиги 36 килограмм бўлган олтин буюмлар хазинаси топилган. Ўзининг илмий аҳамиятига кўра Далварзин хазинаси Британия музейида сақланаётган машҳур Амударё хазинасидан қолишмайди.

Ибодатхонани қазиш давомида Будда ва буддавийлик худолари тасвирланган катта гипс ҳайкаллар гуруҳи топилди. Кўпчилик ҳайкаллар лойдан ясалиб, уларнинг усти ганч билан қопланган. Ўзбекистон жанубидаги буддавийлик ҳайкалларини тадқиқ қилиш, ўрганиш милоднинг биринчи асрида буддавийлик таълимотининг маҳаллий таълимоти тарафдорлари орасида янги таълимотнинг барча қоидаларидан тўлиқ хабардор бўлган ва қўшни тарихий маданий минтақалар ҳамда Хитойда миссионерлик қилишга замин ҳозирлаб қўйган билимдонлар етишиб чиққан деб тахмин қилишга ёрдам беради. Бақтрия секин-аста Марғиёна, Суғдга буддавийликни сингдиришнинг ўзига хос марказига айланди.

Ўзбекистон жанубидаги буддавий ёдгорликларида топилган бадиий маданият намуналари қадимий Бақтриянинг ривожланган ўзига хос бадиий ва маънавий маданиятидан дарак беради. Ўзбекистон жанубидан ташқари, буддавийлик ёдгорликлари Фарғона водийсида ҳам аниқланган. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, Қувада Будда ибодатхонасининг бунёд этилиши буддавийликнинг янги йўналиши — Важраяна билан боғлиқ бўлиб, унинг шаклланиши I минг йиллик ўрталарига бориб тақалади. Қува ибодатхонасидаги ҳайкаллар Бақтрияда кенг тарқалган лой ганч пластикаси техникаси асосида ишланган, ўзига хос жиҳати кўзлар ўрнига қора ва оқ тошлар қадалишидир.

Ҳудуддаги мазкур обидаларнинг бугунги ҳолати, уларга қаратилаётган эътибор ва консервация ҳамда топилмалар ҳақида Термиз археология музейи ходими Райҳон Нуралиева қуйидагича фикр билдирди:

«Консервация килинган ёдгорлик фақат Фаёзтепа. У ҳам 20 йил олдин амалга оширилган. Қоратепада эса қисман бир нималар қилишди 4 йил олдин. Уни «ремонт» деб атасак тўғри бўлади. Далварзинтепанинг эса аҳволи чатоқ. Йўқ бўлиб кетиш арафасида.

Охирги 15 йил ичида Археология музейига Қоратепа ва Далварзинтепадан топилган арзирли топилма топширилмаган. Фаёзтепадан топилган энг ноёб ҳайкаллар, қўллёзмалар, тангалар аксарияти Тошкентга олиб кетилди. Бизда бир нечта топилмалар қолган. Ҳайкалларининг нусхаларини қилиб беришган. Ўшаларни кўргазмага кўйганмиз.

Қоратепадан жуда кўп ноёб Будда ҳайкаллари, деворий суратлар, қўлёзмалар Тошкентга олиб кетилган. Далварзинтепадан, Холчаёндан топилган қимматли ҳайкаллар, тамға ва тангалар ҳам Тошкентда.

Бизнинг музей фондларига ҳозир хеч кайси экспедиция топилма топширмайди. Бу ҳақида 2016 йил Тошкентга олиб кетилаётган топилмаларни бизнинг музейга топширишларини сўраб Президентга ёзган эдим. Археологик объектларнинг қаровсиз, ташландиқ, аҳволда чиқиндихона, ёшлар учрашадиган жой, қишлоқларда кўпкари ўтказиладиган майдонларга айланаётганларигача баён қилдим. Аммо раҳбариятнинг кучли босимлари остида қолишга мажбур бўлдим. Умид қиламизки, чиқаётган янги конунлар Маданий мерос объектларининг реставрацияси ва консервацияси учун ҳам айни муддао бўлади. Яна бир афсусланарли нарса шуки, Сурхондарёда шунча қадимий ёдгорликлар бор. Аммо, фақат Фаёзтепагина ЮНЕСКО руйхатида».

Ўзбекистон ҳудудида кўплаб буддавий ёдгорликларининг кашф этилиши ва ўрганилиши ҳудуд маданий ва маънавий ҳаётида бу диний таълимот қанчалик катта аҳамият касб этганлигидан далолат беради. Буддавий санъатининг тарқалиши Ўзбекистон санъати тарихига муносиб ҳисса қўшган. Бу эса шу муқаддас юртда доим турли дин вакиллари ва уларнинг бадиий тимсоллари дўстона умргузаронлик қилганлигини яққол намоён этади. Буддавийлик Хитой, Корея, Япония ва бошқа шарқ мамлакатларига Ўрта Осиё орқали кириб борганлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Бунинг яққол тасдиғи ҳозирда ҳам Хитойда Самарқанд, Бухоро, Шошдан борган будда олимларининг мақбараларининг муқаддас саналишидир. Ҳозирда Ўзбекистонда битта буддавийлик жамоаси расмий равишда фаолият кўрсатиб келаётгани Ўзбекистондаги диний бағрикенгликнинг кичик бир кўриниши десак янглишмаган бўламиз.