Ироқдаги Бағдод халқаро аэропорти яқинида 5 январь куни АҚШ қўшинлари жойлашган Ироқ ҳарбий базаси ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда «Al Arabiya» хабар берди.

Фото: «Daily Sabah»

Ироқ ҳарбийлари баёнотига кўра, Бағдод ғарбидаги ал-Жиҳод туманида, аэропорт яқинида ракета қолдиғи топилган. Айрим манбалар база ялпи ўт очиш реактив тизими томонидан ўққа тутилганини хабар қилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Таъкидланишича, АҚШ расмийлари сўнгги ҳафталарда Ироқ ва Сурияда АҚШ кучларига қарши ҳужумлар кучайиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирган. Бу қисман Эроннинг юқори даражали генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилганининг икки йиллиги муносабати билан амалга оширилиши айтилган.

Қайд этилишича, 3 январда ҳам Бағдод халқаро аэропорти яқинидаги базага қаратилган 2 та дрон ҳужумининг олди олинган. Шу тариқа бу 2022 йил бошидаги учинчи ҳужум ҳисобланади. Бундан ташқари 4 январда портловчи моддалар ўрнатилган иккита дрон ҳам Бағдоднинг ғарбида, АҚШ кучлари жойлашган Айн ал-Асад ҳаво базасига яқинлашаётганда Ироқ ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган.

Сўнгги ҳужумлар учун жавобгарликни ҳеч ким зиммасига олмаган бўлса-да, Эрон билан ҳамфикр бўлган Ироқ милиция гуруҳлари Сулаймоний ва Ироқ милиция қўмондони Абу Маҳди ал-Муҳандисни ўлдиргани учун қасос олишга ваъда берганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида амалга оширилган операция натижасида эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРҚК) қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиа милицияси раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлдирилган.

Маълумот ўрнида, Эрон президенти Сулаймонийнинг ўлими сабабли Трампни ҳибсга олишни талаб қилган. Акс ҳолда у Эрон бунинг учун қасос олишини таъкидлаган.