Янгиликлар - 17:38 · 05.01.2022

Жиззахда бетон тўсиққа урилган «Nexia» ёниб кетди — фото

Жиззах вилояти Дўстлик туманида 5 январь куни бетон тўсиққа урилган «Nexia» ёниб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, соат 13:52 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 101 қисқа рақами орқали М-39 Олмаота–Тошкент–Термиз халқаро автомобиль йўлининг Дўстлик тумани ҳудудидан ўтувчи 942-километрида енгил автомобиль ёнаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган.

Айтилган жойга туман ФВБдан қутқарувчилар бўлинмаси юборилган. Шунингдек, ёнғин жойига Сирдарё вилояти Сардоба тумани ФВБ 8-сонли ёнғин-қутқарув қисмидан ҳам 1 та бўлинма етиб борган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Аниқланишича, Тошкент–Термиз йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Nexia» шу йўналишдаги юк автомобили билан тўқнашуви оқибатида бетон тўсиққа бориб урилган ва ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Аввалроқ Бухорода ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда юк машинаси қисқа туташув оқибатида ёниб кетган.