Хитойда коронавирус аниқланганига икки йил бўлди. Ўша кундан — 2019 йил 31 декабрдан бошлаб дунё ақл бовар қилмайдиган даражада ўзгарди — ишлаш услубидан тортиб тиббий муолажаларгача.

Қуйида эпидемия бошланганидан буён дунё аҳолисига аён бўлган 5 та энг муҳим ҳолатни маълум қиламиз.

Фото: «Al Arabia»

мРНК вакциналари фойда беради ва уларни жуда тез тайёрлаш мумкин

Пандемия бошланганидан деярли ҳеч қанча ўтмай коронавирусдан ҳимояланиш учун вакцина ишлаб чиқиш бошланди. Айрим фармацевтика компаниялари вакцина яратишда ҳеч қачон фойдаланилмаган янги технология — мРНКдан фойдаланишга қарор қилди.

Таваккалчилик эса ўз самарасини берди. «Pfizer/BioNTech» компанияси олимлари нафақат коронавирус вакцинасини бошқаларга қараганда тезроқ ишлаб чиқишга муваффақ бўлди, балки шунга ўхшаш технологиядан фойдаланган ҳолда кўплаб янги даволаш усулларига пойдевор қўйди.

Хулоса шу: мРНК деб аталадиган генетик коднинг кичик бир қисми олинади ва ёғ билан қопланади. Кейин эса олинган препарат организмга киритилади. Уни ўзига ўзлаштирадиган ҳужайралар кейинчалик препаратдан янги «материал» ишлаб чиқариш учун кўрсатмалар тўплами сифатида фойдаланади. Коронавирусга қарши ҳолатда эса мРНК ҳужайраларга коронавируснинг кичик қисмини яратишни буюради. Бу қисм хавфли бўлмайди. Организм ундан ҳақиқий коронавирусга ҳужум қилиш учун таниб олишда фойланади.

Аммо мРНК бошқа усулларда ҳам ишлатилиши мумкин. ОИВ, грипп ва Зика каби касалликларга қарши потенциал вакциналарни яратишдан ташқари мРНК организмнинг иммун тизимини саратон ҳужайраларига қарши курашишга ўргатиш ва муковисцидозли одамларнинг ҳужайраларида топилмайдиган оқсилларни ишлаб чиқиш учун ҳам ишлатилади.

мРНК билан терапия бўйича тадқиқотлар ўнлаб йиллар давом этмоқда, аммо ковид вакциналарида унинг самарали экани амалда биринчи марта исботланган. Бу муваффақиятлар келажакда миллионлаб одамларнинг ҳаётини ўзгартириши мумкин. Бундан ташқари, пандемиядан олдин энг тез вакцинани яратиш учун 4 йил талаб этилган, биринчи ковид вакцинасини ишлаб чиқиш учун эса атиги 11 ой керак бўлди.

Коронавирус ҳаво орқали биз ўйлагандан ҳам осонроқ тарқалади

ковид эпидемияси эълон қилинганидан тахминан тўрт ой ўтгач, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Twitter’да шундай деб ёзди: «ФАКТ: коронавирус ҳаво орқали юқмайди». Ўшанда ЖССТ экспертлари одамларга ниқоб тақишни маслаҳат бермаган.

«Ниқоб тақишнинг катта фойда келтириши ҳақида аниқ далиллар йўқ», — деган ЖССТ Соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори доктор Майкл Райан. «Ўзингиз касал бўлмасангиз, ниқоблардан фойдаланишни тавсия этмаймиз», — дея қўшимча қилган ЖССТнинг яна бир мутахассиси Мария Ван Керхове.

«British Medical Journal» тиббий журналида эса «Яқин масофада одамлар вирус зарраларини кўзлари, бурун тешиги ёки лабларидаги катта томчиларга қараганда нафас олиш орқали кўпроқ юқтириб олади», дея таъкидланган мақола эълон қилинган. Ўтказилган тадқиқотлар эса одамлар 2 метрдан ортиқ масофада бўлган беморлардан ёки бир мунча вақт олдин касал одам жойлашган хонага ташриф буюрганидан кейин ковид билан касалланганини кўрсатган.

Айни пайтда эса ҳеч ким қўл ювиш ва сиртларни тозалашни бекор қилмаган, аммо ниқоб тақиш ва хоналарни вентиляция қилишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, ҳозирда шифокорларнинг қарашлари ҳам ўзгарган, ЖССТ эса ниқоб тақиш одатий, кундалик эҳтиёжга айланиши кераклигини даъво қилмоқда.

Ковид нафақат акса уриш ёки йўталишдан кейин қисқа вақт ичида ҳавода бўладиган тупук, шилимшиқ томчилар орқали, балки ифлосланган юзалар билан алоқа қилганда ҳам юқиши ҳақида кўпроқ далиллар топилмоқда. ЖССТ ҳозирда вирус аэрозол суспензияси — ҳавода анча узоқ вақт қоладиган кичикроқ заррачалар орқали тарқалиши мумкинлигини айтмоқда.

Кўпчилик уйдан ишламоқда ва бу яна анча узоқ вақт давом этиши мумкин

Пандемия даврида бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар уйдан ишлашни бошлади. Бир неча йил олдин техник нуқтаи назардан бу деярли мумкин бўлмаган. Бироқ пандемия бунинг аксини исботлади. Бу, албатта, иш кўрсаткичига ҳам таъсир қилди.

Twitter 2020 йилнинг май ойида компания ходимлари уйдан исталган вақтда ишлаши мумкинлигини эълон қилди. Бироқ бу фақат иш тури офисда бўлмасликка имкон берадиганларга тегишли бўлди. Худди шундай баёнот 2021 йил Facebook раҳбарияти томонидан ҳам эълон қилинди.

«Enterprise Technology Research» тадқиқотчилари томонидан 1200 та компания ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 2021 йилда бутун дунё бўйлаб уйдан доимий асосда ишлаш улуши икки баравар кўпайиши кутилган (аммо 2021 йил учун ҳозирча аниқ рақам йўқ).

«Boston Consulting» компанияси томонидан 190 мамлакатда 200 000 дан ортиқ одам ўртасида ўтказилган глобал сўров шуни кўрсатдики, сўровда қатнашганларнинг 89 фоизи ўз ишининг бир қисмини уйдан туриб бажаришини айтган. Пандемиядан олдин бу кўрсаткич атиги 31 фоизни ташкил этган.

Бу рақам ишлаб чиқариш ва қўл меҳнати билан шуғулланадиганларни ўз ичига олди: улар ҳеч бўлмаганда ўз ишининг бир қисмини уйдан туриб бажаришини айтди. Бироқ мослашувчан иш соати ҳамма учун мавжуд эмас. Аввало, бу кам ҳақ тўланадиган ва паст малакали ишларда ишлайдиганларга тегишли бўлиб, уларга уйда ишлаш имконияти йўқлиги мумкин эмас. Бу жамиятдаги тенгсизликни янада кучайтириши мумкин.

Пандемия жамиятнинг энг заиф қатламларига энг кучли «зарба берди»

Пандемия жамиятда бўлиниш кучайиб бораётганини кўрсатди. Буюк Британияда «UK Biobank» олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот мамлакатнинг энг ноқулай қисмида аҳолининг 11,4 фоизи ковид билан касаллангани, бой ҳудудларда эса 7,8 фоиз аҳоли ковидга чалинганини кўрсатди. Бундан ташқари, миллий озчилик вакиллари бутун мамлакат аҳолисига нисбатан кўпроқ зарар кўрганини намойиш қилди. Худди шундай ҳолат АҚШда ҳам кузатилди. Нью-Йоркда 2020 йил учун тўпланган маълумотлар шуни кўрсатдики, испанлар ва қора танлилар орасида ковиддан ўлиш мос равишда 34 ва 28 фоизни, мамлакат умумий аҳолисининг 29 ва 22 фоизини ташкил қилди.

Калифорнияда олиб борилган тадқиқотлар эса испаниялик бўлмаган қора танлилар испаниялик бўлмаган оқларга қараганда 2,7 марта кўпроқ касалхонага ётқизилганини кўрсатди. Кўпгина мамлакатларда пандемиянинг таъсири ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд бўлмаса-да, дунёда мамлакатлари ўртасидаги энг сезиларли фарқлардан бири бу эмланган одамлар сони бўлди.

Маълумотларга кўра, юқори ва ўрта даромадли мамлакатлардаги одамларнинг тахминан 70 фоизи тўлиқ эмланган. Ўртача даромад даражаси паст бўлган мамлакатларда бу кўрсаткич ҳали ҳам 32 фоизни ташкил қилади. Кам даромадли мамлакатларда фақат 4 фоиз аҳоли эмланган, холос.

Ривожланган мамлакатларда аҳолини қўшимча эмлаш кампанияси ўтказилмоқда. Аммо кам ривожланган мамлакатларда вакциналарнинг секин жорий этилаётгани оқибатлари янада ҳалокатли бўлиши мумкин.

Пандемия қандай ва қачон тугаши ҳамон номаълум…

Пандемия бошида «оммавий иммунитет» ҳақида кўп бора гапирилган: «агар инфекцияга чалиниш ёки эмлаш натижасида ковидга нисбатан етарлича одам иммунитетга эга бўлса, вирус камроқ хавфли бўлиб қолади», дея тахмин қилинган.

Бунга эришиш эса тобора қийинлашиб бормоқда. Маълум бўлишича, иммун тизимининг реакцияси вақт ўтиши билан пасаяди, шунинг учун вакцина сотиб олишга қодир бўлган мамлакатлар қайта эмлаш дастурини ишлаб чиқмоқда. Тиббиёт фанлари факультети декани ва Жанубий Африкадаги Витватерсранд университетининг вакцинация бўйича профессори Шабир Мадхининг сўзларига кўра, инфекция ёки эмлашдан кейин иммунитет тахминан 6 ойдан 9 ойгача давом этади.

Вакциналар касалликнинг энг оғир оқибатларидан самарали ҳимояланган бўлса-да, ҳатто энг яхши вакциналар ҳам инсонларнинг инфекцияга чалиниши ва вирус тарқалишини тўлиқ тўхтата олмайдиганга ўхшайди. Зеро, деярли ҳар ойда коронавируснинг янги штамлари тарқалмоқда. Таъкидланишича, вирус билан узоқ вақт яшашга тўғри келиши мумкин, чунки у ривожланади, бунинг натижасида вакциналарни мунтазам янгилаб туришга тўғри келади. Ушбу сценарий эмлаш даражаси юқори бўлган мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимларига ортиқча юк бўлмасдан, кўпроқ ёки камроқ нормал ҳаётни таъминлайди.

«Омикрон» штамининг тарқалиши эса вазиятни ўзгартирди: ҳатто эмлаш кўрсаткичлари юқори бўлган мамлакатларда ҳам расмийлар одамларни кучайтирувчи дозаларни олишга ундамоқда ва ижтимоий ажратиш чораларини қайтадан жорий қилмоқда.

Рус тилидан Нодира Қурбонбоева таржима қилди.