Нукус шаҳрида 300 дан зиёд дарахтнинг тепа шохлари ёппасига кесиб ташлангани акс этган хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Ҳолат шаҳар инспекцияси ва «Қорақалпоқ йўлкўкалам» унитар корхонаси мутахассислари томонидан жойига чиқиб ўрганилди, деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Фото: Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, «Қорақалпоқ йўлкўкалам» унитар корхонаси мутахассислари томонидан 4Р-176 Нукус–Чимбой–Тахтакўпир йўли 14-километри бўйидаги дарахтларга 2021 йил октябрь ойи охирларида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида ободонлаштириш ва дарахтларга (қайрағоч) шакл бериш ишлари олиб борилган.

Фото: Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқод институти мутахассислари томонидан дарахтларга шакл бериш ишлари тўғри олиб борилгани тўғрисида хулоса берилган.

Фото: Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизмати

«Сўровга асосан Экоқўмита ушбу хулосани тақдим қилди. Унда ёзилишича, дарахтларга шакл берилганидан сўнг улар ён томонга қараб ўсади. Бироқ шу кунгача ушбу ҳудудда бирон дарахт илдизи билан қўпориб олиб кетилмаган. Кейинги вақтларда баҳор мавсумининг келиши билан шакл берилган қайрағочлар ён тарафга ўсишини давом эттиради», — дейилади «Kun.uz» хабарида.

Фото: Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизмати

Аввалроқ Тошкентда соғлом дарахтлар кесилиб, ўтин қилинаётгани айтилганди. Шунингдек, Фарғонадаги мактабда 2 туп қимматбаҳо чинор ноқонуний тарзда кесиб ташланган.