Америкалик тадқиқотчилар глобал исиш туфайли кейинги бир неча йил ичида қишки ёнғинлар кўпайиб, довул ва тўфон одатий ҳодисага айланишини маълум қилди. Бу ҳақда «Phys.org» хабар берди.

Фото: «Daily Pakistan»

Маълум қилинишича, Ер ҳозирда иссиқхона газлари чиқиндилари ҳисобига интенсив қизимоқда. Бу эса ўрта кенгликларда иқлим сезиларли даражада исишига сабаб бўлади. Олимлар 2021 йилда илк циклон Португалияга етиб боргани ва бу иқлим ўзгаришининг энг катта хавфларидан бири эканини қайд этган.

Уларнинг фикрича, келажакда қутблар ва экватор ўртасидаги ҳарорат фарқлари мувозанатга келади. Натижада, ўрта кенгликларда тропик циклонлар пайдо бўлиб, бу Нью-Йорк ва Пекинга жиддий таҳдид солади.

Мичиган университети профессори Жонатан Оверпек келажакда иқлим ўзгариши туфайли вазият янада ёмонлашишини қўшимча қилган. У 2021 йилда АҚШнинг турли штатларида кузатилган ўрмон ёнғинларига тўхталиб ўтган.

«Колорадодаги ёнғин жуда тез тарқалди. Бунга қор ёғмагани сабаб бўлиши мумкин, аммо у ерда қуруқ ўт кўп бўлган. Бундан ташқари, ушбу ёнғиннинг пайдо бўлиши учун фақат учта компонент: олов манбаи, ёқилғи, иссиқ иқлим керак эди. Улар қаторига шамолни ҳам қўшса бўлади, бу фалокатга олиб келади», — деган мутахассис.

Аввалроқ инсониятни 2022 йилда қандай хавф кутаётгани айтилганди. Шунингдек, олимлар глобал исиш одамларнинг ташқи қиёфасини қандай ўзгартиришини аниқлаганди.