Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб бир қатор хизматларни Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилиши белгиланганди. Хусусан, эндиликда хорижга чиқиш паспортларини ҳам мазкур муассасадан олса бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш муқобил равишда (ички ишлар бўлимлари билан бир вақтда) марказлар орқали ҳам амалга оширилади.

Бунда Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бериш учун тўлов миқдори БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм)ни ташкил этади. (Маълумот учун: ушбу тўлов миқдори аввал БҲМнинг 1,2 баравари бўлган — 324 минг сўм).

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш хизмати жорий этилган Давлат хизматлари марказлари рўйхати бу ерда. 2022 йил якунига қадар босқичма-босқич барча Давлат хизматлари марказларида ушбу имкониятни яратиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, марказларда хизматлар экстерриториаллик тамойили асосида (рўйхатда турган жойдан қатъи назар) тақдим этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари учун тўлов камайтирилиши ҳақида хабар берилганди.