Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари мамлакатнинг Қозоғистон билан чегараси штат режимида қўриқланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Tengrinews»

Маълум қилинишича, чегарани қўриқлашда коронавирус тарқалишига қарши курашиш чоралари ҳам ҳисобга олинган. Бундан ташқари, декабрь ойи охирида янги йил байрами муносабати билан назорат-ўтказиш пунктларида қўшимча назорат жорий этилган.

Маълумот учун, Қозоғистонда 2 январдан буён газ нархи ошишига қарши аҳоли намойишлар ўтказмоқда. 4 январь куни намойишчиларга талабларни бажаришга — ёқилғи нархини литри учун яна 50 тенгега туширишга ваъда берилган. Лекин бу ҳам митинг кўламини бостиришга ёрдам бермаган. Қозоғистонда давом этаётган намойишлар чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари 200 дан ортиқ одамни ҳибсга олган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев яқин олти ойда коммунал хизматлар учун тарифларни оширмасликни таклиф қилган, суюлтирилган газни электрон савдо ва биржалар орқали сотишни кечиктиришни буюрган. Шунингдек, Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарган.

Маълумотларга кўра, 95 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими тан жароҳати олган, 37 та хизмат машинаси шикастланган. Мамлакатнинг Олмаота, Чимкент ва Тараз шаҳарларида намойишчилар ҳокимият биноларига зарар етказган.