Қозоғистоннинг қатор вилоятларида 2 январдан буён суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошиши сабабли митинглар бўлиб ўтаётгани маълум қилинганди. «Bugun.uz» мухбири намойиш ўтказилаётган ҳудудларда Ўзбекистон фуқаролариинг бор-йўқлиги борасида маълумот олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Фото: Telegram / @pdmnews

Вазирлик матбуот хизмати ходимининг сўзларига кўра, ҳозирда бу ҳақда уларда ҳеч қандай аниқ маълумот мавжуд эмас.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари мамлакатнинг Қозоғистон билан чегараси штат режимида қўриқланаётганини маълум қилганди. Хусусан, чегарани қўриқлашда коронавирус тарқалишига қарши курашиш чоралари ҳам ҳисобга олинган. Бундан ташқари, декабрь ойи охирида янги йил байрами муносабати билан назорат-ўтказиш пунктларида қўшимча назорат жорий этилган.

Маълумот ўрнида, Қозоғистон Энергетика вазирлиги 1 январдан бошлаб газ нархи талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда электрон биржа савдоларида шакллантирилаётганини тушунтирди, бироқ президент бу ҳолатни кўриб чиқиш учун ҳукумат комиссияси тузишни буюрди.

4 январь куни ҳукуматнинг Манғистов вилоятида газ нархини пасайтириш ваъдасига қарамай, норозилик намойишлари бутун Қозоғистон бўйлаб тарқалди — акциялар пойтахт Нур-Султон, мамлакатнинг энг йирик шаҳри Олмаота ва бошқа шаҳарларга — Қарағанда, Уралск, Толдиқўрғон, Қизилўрда, Чимкентга ҳам ёйилди.

Бир қанча йирик шаҳарларда, жумладан, Олмаотада намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашди. Шаҳарда бир неча полиция машиналари ёқиб юборилди. Намойишлар кечаси ҳам тўхтамади. Қозоғистон хавфсизлик кучлари гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Ўқ овозлари ҳам эшитилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат пойтахти Нур–Султонда ҳам норозилик намойишлари фонида 5–19 январь кунлари фавқулодда ҳолат жорий этилгани хабар қилинганди.