Қозоғистондаги норозилик намойишлари: тунда нималар содир бўлди?

Янги йилнинг илк кунларида Қозоғистон ғарбида нефть қазиб олувчи Манғистов вилоятининг Жанаўзен ва Оқтов шаҳарлари аҳолиси митингларга чиққани ҳақида хабар берилди. Улар газ нархи икки баробар оширилишига қарши чиқмоқда.

Фото: «РИА Новости»

Қозоғистон Энергетика вазирлиги 1 январдан бошлаб газ нархи талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда электрон биржа савдоларида шакллантирилаётганини тушунтирди, бироқ президент бу ҳолатни кўриб чиқиш учун ҳукумат комиссиясини тузишни буюрди.

4 январь куни ҳукуматнинг Манғистов вилоятида газ нархини пасайтириш ваъдасига қарамай, норозилик намойишлари бутун Қозоғистон бўйлаб тарқалди — акциялар пойтахт Нур-Султон, мамлакатнинг энг йирик шаҳри Олмаота ва бошқа шаҳарларга — Қарағанда, Уралск, Толдиқўрғон, Қизилўрда, Чимкентга ҳам ёйилди.

Намойишчиларнинг ижтимоий-иқтисодий талаблари сиёсий тус олди: ҳукумат истеъфоси. Айрим шаҳарларда оломон Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевни назарда тутиб, «Шал, кет» («Қария, кет») деб бақирди. Айни пайтда норозилик намойишларининг аниқ етакчиси йўқ.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев халққа мурожаат қилиб, «жамият бирлигини бузишдан манфаатдор бузғунчи шахслар» даъватларига эргашмасликни сўради. «Сизга яна эҳтиёткор бўлишингизни, ичкаридан ва ташқаридан келаётган провокацияларга берилмасликни сўрайман. Ҳукумат йиқилмайди, лекин бизга можаро эмас, балки ўзаро ишонч ва мулоқот керак», — деган у.

Бир қанча йирик шаҳарларда, жумладан, Олмаотада намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашди. Шаҳарда бир неча полиция машиналари ёқиб юборилди. Намойишлар кечаси ҳам тўхтамади. Қозоғистон хавфсизлик кучлари гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Ўқ овозлари ҳам эшитилди.

Олмаота воқеалари муносабати билан тунда президент Тўқаев 5 январдан бошлаб Манғистов вилояти ва Олмаота шаҳрида икки ҳафтага — 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилишини эълон қилди. Ҳар қандай оммавий йиғилишлар тақиқланиб, комендантлик соати жорий этилди. Шаҳарга махсус ҳарбий техника жўнатилди.

Интернетдаги носозликлар бутун мамлакат бўйлаб қайд этилди. Олмаотада мобил интернет ва WhatsApp, Telegram ва Signal мессенжерлари ишламай қолди. «Beeline» ва «Kcell» операторлари ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра мобил интернетда узилишлар мавжудлигини тасдиқлади. Мамлакат расмийлари намойишларни ёритувчи ОАВ сайтларини, жумладан, «КазТАГ» ва «Orda.kz» сайтларини ҳам блоклади.

Мамлакатдаги норозилик намойишлари янги йилдан автомобиль газининг литри 60 тенгедан 120 тенгега ошиши муносабати билан 2 январь куни бошланди. Биринчи митинглар мамлакат ғарбидаги Манғистов вилоятида Жанаўзен ва Оқтов шаҳарларида бўлиб ўтди. Аввалига ушбу ҳудуддаги ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари нархни пасайтиришга қарор қилди. Аммо бу норозилик кайфиятини туширмади.

Фото: «24.kg»

Биринчи норозилик намойишларидан сўнг ҳукумат Манғистов вилоятидаги вазиятни кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузди. 4 январь куни намойишчиларга талабларни бажаришга — ёқилғи нархини литри учун яна 50 тенгега туширишга ваъда берди. Лекин бу ҳам ёрдам бермади.

Оқтов шаҳрида бош вазир ўринбосари ва энергетика вазири намойишчилар олдига чиқди. Нархлар бўйича қарорни халққа етказди ва майдонга чиққан одамлар жавобгарликка тортилмаслигига ваъда берди. Аммо бундай бўлмади. Қозоғистонда давом этаётган намойишлар чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари 200 дан ортиқ одамни ҳибсга олди.

Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу воқеалар фонида ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Республика бош вазирининг биринчи ўринбосари Алихон Смоилов бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Фото: «RT»

Олмаота раҳбари Бахитжан Сагинтаев эса шаҳардаги вазият назоратга олинганини айтди. «Провакатор ва экстремистлар қўлга олинмоқда. Қўзғатувчилар аниқланмоқда», — дея қўшимча қилган мэр.

Президент яқин олти ойда коммунал хизматлар учун тарифларни оширмасликни таклиф қилди. ИИВ маълумотларига кўра, 95 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими тан жароҳати олган, 37 та хизмат машинаси шикастланган.

Ҳокимият ходимларига нисбатан зўравонлик, безорилик, давлат биноларига ҳужум қилиш ҳолатлари бўйича судга қадар тергов ҳаракатлари бошланди.

Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият1:05 | 9.8.22
Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Жаҳон0:51 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Жаҳон0:50 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Жамият, Хоразм0:44 | 9.8.22
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Жамият0:41 | 9.8.22
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Жамият, Самарқанд0:40 | 9.8.22
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Колумнистлар
Ваҳимали янгиликлар жонига теккан ёки уларни ўқишдан ўзини тия олмайдиганлар учун қўлланма