Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Москва туманида ўзбекистонлик йигит автобус бекатида пичоқланган ҳолда топилди. Бу ҳақда «78.ru» хабар берди.

Фото: «Москва 24»

Маълум қилинишича, 2 январь, якшанба куни полицияга автобус бекатида 23 ёшлар атрофидаги йигит қонга беланиб ётгани ҳақида хабар келган. Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам хизмати жабрланувчини тез ёрдам илмий-тадқиқот институтига олиб кетган.

Шифокорларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон фуқароси кўкрак қафаси ва қорин соҳасидан пичоқ жароҳати олган. Йигитнинг шахсий буюмлари ичидан 31 ёшли Николай исмли шахснинг паспорти топилган. У муҳожирга ҳужум қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинган.

Аввалроқ Россияда 21 ёшли ўзбекистонлик йигит ватандоши томонидан пичоқлангани ва Россияда ўзбекистонлик ва қирғизистонлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз бергани ҳақида хабар берилган.