Нодирбек Сайфуллаев Президент администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» нашри хабар берди.

Фото: Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ахборот хизмати

Нодирбек Сайфуллаев 1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йил Тошкент давлат маданият институтини, 2005 йилда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, санъатшунослик фанлари номзоди.

Меҳнат фаолияти давомида «Ўзбектеатр» бирлашмаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош директор ўринбосари вазифаларида ишлаган. Шунингдек, ўриндошлик асосида Ўзбекистон давлат санъат институтининг Санъатшунослик кафедрасида педагоглик фаолиятини олиб борган. У ҳозиргача Миллий рассомлик ва дизайн институтига ректорлик қилаётганди.

Маълумот учун, у Бахтиёр Сайфуллаевнинг ўғли ҳисобланади. Тошкент маданият институтининг ректори ҳамда Ўзбекистон маданият вазири (2017–2018 йилларда) сифатида ишлаган Бахтиёр Сайфуллаев 2020 йилда Сенат аъзоси, шунингдек, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган.

Аввалроқ Владимир Норов ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланганди. Шунингдек, Актам Муҳаммадиев адлия вазири ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган.