Тошкентда 4 январь куни Хитой билан дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан «Икки томонлама ҳамкорлик ва давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш» мавзусида ўтказилган симпозиумда Хитой ҳукуматининг Евроосиё ишлари бўйича махсус вакили Ли Хуэй ҳозирда Шинжон-Уйғур автоном республикасидаги ҳолат ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Янги Ўзбекистон»

Хитой махсус вакили Шинжондаги вазият ҳақида айрим ғарб давлатлари нотўғри маълумот бераётгани ва Хитой таркибида Шинжон минтақада қанчалик иқтисодий ўсишга эришганини таъкидлади.

«Ўзбекистон Хитойнинг яқин қўшниси, Хитойнинг Шинжон минтақасидаги вазиятга бу ерда ҳам қизиқиш катта эканини биламиз. Охирги вақтларда айрим давлатлар, шу жумладан, АҚШ Шинжон борасида босим ўтказишни ҳамда провокация қилишни давом эттирмоқда. Улар бизнинг Шинжон ҳудудидаги сиёсатимиз ва инсон ҳуқуқлари бузулиши ҳақида нотўғри маълумот тарқатиб келмоқда. Уларнинг бу ҳаракати Шинжондаги ҳолат юзасидан хато фикр юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бу Хитойнинг ички ишларига қўпол равишда аралашиш бўлиб, Хитой ҳукумати бунга қаршидир.

Аслида эса ҳозир Шинжонда барқарор вазият ҳамда иқтисодий-ижтимоий ўсиш кузатилмоқда. Ҳудуддаги барча этник гуруҳлар тинчлик ва муроса ичида катта, аҳил оиладек яшаб келмоқда. 70 йилдан ортиқ вақт давомида Шинжонда ҳам катта ўсиш кузатилди. Ҳудуднинг умумий иқтисодиёти 80 баробар, молиявий даромади 200 баробардан кўп, ташқи ҳамкорлар билан товар айирбошлаш тахминан 15оо баробарга ўсди. Шинжонда аҳоли бошига ялпи ички маҳсулот 40 баробарга яқин ўсиш кўрсатди. Юз минглаб аҳоли камбағаллик чизиғидан юқорига чиқди. Ҳозир Шинжонда Хитойдаги энг катта пахта омбори жойлашган, шунингдек, ҳудуд саноати ҳам Хитой, ҳам дунёда етакчи ўринларни эгаллайди», — деди Ли Хуэй.

Шунингдек, Евроосиё ишлари бўйича вакил минтақадаги вазият барқарор бўлиши Ўрта Осиё мамлакатлари учун ҳам долзарб эканига тўхталиб ўтди.

«Шинжон масаласи этник, диний ёки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ эмас. Бу масала терроризм ва радикализмга қарши кураш билан боғлиқ. Бу Хитойнинг ички ишлари бўлиб, унинг асосий манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ жараён. Бир неча йил аввал ҳам террорчи кучлар, шу жумладан, ‘Шарқий Туркистон’ Шинжон аҳолиси ҳаёти ва мулкига кучли зарар етказган минглаб террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган эди. Шинжон ҳукумати қонун чиқарувчи органлар билан бирга терроризм, радикализмга қарши курашиш чораларини кўрди. ‘Профессионал таълим бериш марказлари’ шу чора-тадбирлардан биридир. Бу тадбирлар яхши натижа бермоқда. Адашмаётган бўлсам, мана охирги 6 йил давомида Шинжонда бирорта теракт амалга оширилмади.

Аммо айрим Ғарб давлатлари бу фактларни инобатга олмасдан, терроризмга қарши кураш борасида икки хил стандарт кўрсатмоқда. Улар Шинжон масаласи орқали Хитойни ушлаб туришга, биз Шинжонда терроризмга қарши қилаётган ишларимизни қоралашга уринмоқда. Хитойнинг ички ишларига қўпол аралашмоқда, шунингдек, Хитой ва Ўрта Осиё давлатлари ўртасига совуқчилик туширмоқчи. Аслида эса Шинжондаги вазият шунчалар барқарорки, унга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди.

Хитой–Қозоғистон–Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл ҳамда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон автомобиль йўли Шинжон орқали ўтган. Бу минтақанинг юклар кириб чиқиши ва уларни ташишда муҳим роли бор. Барқарор ва хавфсиз Шинжон Ўзбекистонниг хавфсизлиги учун ҳам аҳамиятлидир ва, аксинча, агар Шинжонда тартибсизликлар бўлса, бу Ўзбекистоннинг ҳам хавфсизлиги ва равнақига зарба бўлади. Шундай экан, Шинжондаги тинчлик ва барқарорлик фақат Хитой эмас, балки бутун минтақа учун муҳим», — деди у.

Аввалроқ Хитой раиси дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаганди. Шунингдек, АҚШ томонидан Хитойда ўтадиган қишки Олимпиаданинг бойкотига Ўзбекистон қўшилмаганди.