Шавкат Мирзиёев 5 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. У сўнгги 6 йилда 2 марта расман дам олишда бўлган. Айни пайтда Президентнинг меҳнат таътилига чиқиши қай тартибда амалга оширилади? Унинг ваколат ва вазифалари бошқа шахсга ўтказилганми?

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг таътилга чиқиши ҳақида «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида шундай дейилган:

«Ўзбекистон Республикаси Президентига муддати ўттиз олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади».

Шунга қарамай, Шавкат Мирзиёев ўтган дам олиш пайтида ҳам қисқа, 36 кун бўлмаган таътилга чиққан. Хўш, меҳнат таътили давомида президентнинг вазифаларини ким бажаради?

Бу масала бўйича фақат Конституциянинг 96-моддасида биргина қоида мавжуд бўлиб, унга кўра амалдаги Президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисининг зиммасига юклатилади. Бунда асосий шарт — 3 ой ичида навбатдан ташқари сайлов ўтказилиши керак.

Ҳуқуқшунос-блогер Хушнуд Худойбердиевнинг қайд этишича, «ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолат»га айнан нималар киришига изоҳ берилмаган. Хушнуд Худойбердиевга кўра, меҳнат таътили бунга кирмаслиги аниқ.

«Президент меҳнат таътилига чиққанда унинг вазифалари кимнингдир зиммасига юкланиши ҳақида қонунчиликда бирорта қоидага кўзим тушмаган. Чунки Президент халқ томонидан сайланган олий ваколатларга эга шахс ҳисобланади, унинг вазифаларини вақтинча халқ сайламаган шахсга берилиши жоиз эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддасида ҳам аниқ ёзилган: Президент ўз ваколатларини бажаришни давлат идораларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас», — деб ёзган ҳуқуқшунос.

Эслатиб ўтамиз, Президент аввалроқ, 2019 йил 5 август куни ва 2021 йил 4 январь куни ҳам 7 кунлик таътилга чиққан. Мирзиёев аввалги икки таътилни Ўзбекистонда ўтказган.