Туркманистонда президентнинг шеърига бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар институтининг анжуманлар залида 5 январь куни Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «Жонажон ўлка, Туркманистон!» номли янги шеърига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tdh.gov.tm»

Маълум қилинишича, тадбир иштирокчилари дўстлик, ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқли шериклик тамойилларининг дахлсизлигини акс эттирувчи ушбу шеър халқаро аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Конференция иштирокчилари анжуман давомида ТИВ раҳбари Рашид Мередов, институт ректори Жумамират Гурбангелдиев ва бошқа кўплаб профессор ўқитувчиларнинг маърузаларини тинглаган.

Қайд этилишича, Янги йил байрами муносабати билан халқ эътиборига ҳавола этилган мазкур шеър давлат раҳбари номидан ўзига хос туҳфа бўлган. Бундан ташқари, йиғилганлар шеърда давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини самарали амалга ошириш йўлида эришган улкан ютуқ ва муваффақиятлари тасвирланганини қайд этган.

Таъкидланишича, Бердимуҳамедов шеъри орқали барчани ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига амал қилишга, тинчлик-осойишталикнинг одамлар ҳаётида тутган ўрнига аҳамият беришга чақирган.

Аввалроқ Туркманистон президентининг рафиқаси 15 йил ичида биринчи марта кўриниш берганди. Шунингдек, Туркманистонда президент шарафига 2022 йил шиори танланганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз