Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди. Лекин бу мактаб ўқувчилари учун таъсир қилмайди.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддатини 24 январга қадар узайтирди.

Фото: «Bugun.uz»

Бунга сабаб — олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтгани туфайли кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун асосий ишдан ажралган ҳолда ўқув жараёнлари барча олий таълим муассасаларида ташкил этилиши.

Шунингдек, талаба-ўқувчиларга уйидан таълим муассасасига қайтиши учун авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди. Аллақачон билет сотиб олган талабалар, ҳавотир олманг. 2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.

«Bugun.uz» мактаб ўқувчиларининг ҳам қишки таътилида узайтирилиш бор-йўқлиги борасида Халқ таълими вазирлигидан изоҳ олди.

Вазирлик матбуот котибининг сўзларига кўра, мактаб ўқувчиларининг таътил кунлари узайтирилмайди, ўз ҳолида қолади. Таътил 14 календарь кун, яъни 2022 йил 10 январгача давом этади. III чорак 11 январдан бошланади.

Ўзбекистон ички мавсумий истеъмолни қоплаш учун Россияга табиий газ экспортини бутунлай тўхтатди.

Хабар юзасидан «Bugun.uz» батафсил маълумот олиш учун Энергетика вазирлиги билан боғланди. Вазирлик 2022 йилда Ўзбекистон Россияга табиий газ етказиб беришни режалаштирмаётганини тасдиқлади.

Фото: «Getty Images»

Қайд этилишича, 2018 йилда Ўзбекистон «Газпром»га 3,8 миллиард куб/метр газ етказиб берган, 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 миллиард кубга оширган, 2020 йилда эса тўхтатилган. Ўз навбатида, 2020 йилда «Газпром» туркман газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаган.

Ўзбекистондаги 2021 йил муаммолари — ижтимоий нафақалар, мажбурий ижро, банк кредитлари ҳамда газ ва электр энергияси таъминоти.

Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 2021 йил давомида 1 миллион 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг 53 фоизи ёки 865 мингтаси ижобий ҳал этилган.

Йил давомида келиб тушган мурожаатлар орасида ижтимоий нафақалар масаласи етакчилик қилган — 190 мингта мурожаат. Иш билан таъминлаш йўналишида 96 мингта, мажбурий ижро фаолияти, алимент ва қарз суммаларини ундириш — 94 мингта, банк кредитлари — 77 мингта, уй-жой билан таъминлаш — 68 мингта мурожаат тушган. Шунингдек, газ, электр энергияси таъминоти, ичимлик суви таъминоти ва меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалалар етакчи мавзулар бўлган.

Мурожаатлар вазирликлар ва вилоятлар кесимида ҳам таҳлил қилинган. Унга кўра, энг кўп мурожаат Қашқадарёдан йўлланган (193 минг), вазирлик ва идоралар орасида эса бу Молия вазирлигига оид бўлган. Батафсил маълумот билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тегишли машина йўл қоидаларини менсимай ҳаракатланди. Машина «штрафной»га жойлаштирилди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Қарши шаҳрида қатор йўл қоидаларини менсимай ҳаракатланган вилоят ҳокимлиги ҳайдовчисига 6 январь куни чора кўрилди.

Ҳайдовчи йўл ётиқ чизиғини босган ҳолда светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган. Қолаверса, у ортга қайрилиб олиш қоидаларини бузиб, ҳаракатни давом эттирган. Бундан ташқари, вилоят ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув давомида «Trailblazer» автомобили (70 005 DAV давлат рақами) ён ойналарининг туси тегишли рухсатсиз қорайтирилгани ҳам аниқланган.

Ҳолатлар юзасидан 45 ёшли ҳайдовчи Э.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126, 128, 1284-моддалари тартибида баённома тузилиб, автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Бугун эълон қилинган ва ўқиш қатъий тавсия этиладиган мақолалар:

  • Эволюция ёки яратилиш? Ижтимоий тармоқларни «портлатган» баҳснинг асл сабаби нима? — батафсил;
  • Тошкент шаҳар транспорти: муаммо ва 2025 йилгача кутилаётган ўзгаришлар эълон қилинди;
  • Давлат раҳбари таътилда бўлганида унинг вазифаларини ким бажаради?;
  • Олий судда қатағон қурбони бўлган 120 нафар шахс оқланди.

Хўш, Қозоғистонда нима гап?

Охирги кунларда қўшни Қозоғистонда авж олган тартибсизликлар туфайли дайжестнинг «хўш, оламда нима гап?» қисмини ушбу воқеаларга бағишладик.

Норозилик намойишлари Қозоғистоннинг жануби-ғарбий қисмида янги йилдан сўнг дарҳол автомобиллар учун газ нархининг кескин ошиши сабабли бошланди: январь ойидан бошлаб ёқилғи нархи 120 тенгегача кўтарилди. Аҳоли энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисобга олган ҳолда 50–60 тенгегача камайтиришни сўради. Расмийлар Манғистов вилояти ва Оқтўбеда бир литр газ нархини 50 тенгега туширишга рози бўлди, бироқ тартибсизликлар давом этди.

Фото: «Sputnik»

Мамлакатнинг турли ҳудудларида тартибсизликларнинг авж олиши ортидан президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 январь куни ярим тунда КХШТ давлатларидан ёрдам сўради. Бунга жавобан ташкилот кенгаши Қозоғистонга КХШТнинг коллектив тинчликпарвар кучларини юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) контингентининг бўлинмалари Қозоғистонда «қўйилган вазифаларни бажаришга» киришди.

Россия Давлат думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Калашниковнинг сўзларига кўра, кучлар жамоат тартибини тиклаш билан эмас, балки Қозоғистондаги ҳарбий инфратузилма ва бошқа объектларни қўриқлаш билан шуғулланади.

Бу орада тартибсизликлар оқибатида 8 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлгани ва 317 нафар полициячи ва Миллий гвардия аъзолари жароҳатлангани маълум қилинди. Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, маъмурий бинолар, соғлиқни сақлаш муассасалари, савдо, умумий овқатланиш масканлари ҳамда банкларга ҳужумлар қилинган.

Фото: «AP»

Қозоғистондаги тартибсизликлар нафақат мамлакат иқтисодиётига, балки дунё бўйлаб баъзи «маҳсулотлар»нинг нархи ошиши / тушишига олиб келди. Намойишлар жаҳон фонд бозорига таъсир қилиб, биткоин нархи тушишига, уран нархи ошишига олиб келди.

Биткоин нархи деярли беш фоизга арзонлашган ва 44 минг доллардан сал ошган. Криптовалюта нархининг кескин пасайиши республикада криптовалюта ишлаб чиқариш бўйича кўплаб объектлар мавжудлиги билан боғлиқ.

Мазкур воқеалар фонида жаҳон бозорларида уран нархи 8 фоизга ошган. Таҳлилчилар нарх 4 январь кунги 42 долларга нисбатан бир фунт учун 45,25 долларгача кўтарилганини маълум қилган.

Бундан ташқари, Қозоғистонда барча банкларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Қўшни давлатда шу пайтгача бўлган воқеалар ҳақида янада батафсил бу ерда ўқишингиз мумкин.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу воқеалар ва нашримизда бугун эълон қилинган (ва юқорида ўқиш қатъий тавсия этилган) мақолага атаб «иккиси бирда» карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Расман таътилда бўлган Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатдаги вазият бўйича Қозоғистон, Туркия ва Тожикистон президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини, уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва бош консулхоналари ушбу мамлакат ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан, талабалар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналар одатдаги тартибда фаолият юритмоқда. Зарур ҳолатларда ўзбекистонликларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.