Шу кунларда ўзбек ижтимоий тармоқларида эволюцион таълимот ҳақида муросасиз баҳслар авж олди. Гап дин ва унинг асосий ақидаларига боғлиқ бўлгани учун бу баҳсда ҳақорат, таҳдид ва камситишгача борилди. Айни воқеалар ҳақида ҳуқуқшунос Ўткир Холмирзаев ўз фикрларини баён қилади.

Фото: «Le Point»

Аслида, илмий доираларда консенсусга эришилган эволюция назарияси бўйича бу қадар баҳс бўлиши, айниқса уни тушунмаган шахсларнинг бу соҳада қаттиқ туриб курашиши ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу ҳолат жуда содда тушунтиришга эга. Гап эволюциянинг илмий далиллари, бунда олимларнинг илмий келишуви борлигига, шунингдек, қарши томоннинг деярли бирорта тан олинган илмий далили йўқлигига қарамай бу баҳс (агар шундай деб аташ мумкин бўлса) эҳтиросли шаклда содир бўлди. Яъни гап эволюция ва унинг илмий жиҳатдан асосли ёки асосли эмаслигида эмасди, гап бу таълимот кўпчилик эътиқод қиладиган динлар (христиан, ислом ва ҳоказо) ақидаларига зид эканлигида. Ушбу дин қадриятларини ҳимоя қилиш учун эса илмий методлар ишламайди, эътиқод экзистенциал эҳтиёж бўлгани учун у илмий асосларга муҳтож эмас. Шунинг учун ҳам назария ва уни муҳокама қилишга берилган илмий методлар ва воситалар қолиб, камситиш, псевдоилмий эртакларга суяниб пост ёзиш, энг ёмони ва кутилгани — кофир-муртад механизмларигача етиб борилди.

Креационистлар эътирозлари ҳам эволюцион тушунтирилади

Қисқаси, баҳснинг сабаби — ўз тушунчаларига зид фикрга ҳар қандай шаклда курашиш рағбатидир. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу баҳс сабаби ҳам эволюцион тушунтирилади ва креационистлар ҳам ўша қонуниятларга кўра ўз ғояларини ҳар қандай шаклда бўлмасин ҳимоя қилишга киришдилар.

Ҳаёт маъноси, ўлим ва ўзга ғоялардан қўрқиш

Инсонлар турли маданиятлар (ахлоқ, дин, бошқа ғоялар) асосида жамиятларга бирлашади, улар фаолияти мувофиқлашиб, мураккаб жамиятлар, катта давлатлар қуради. Бу маданиятлар ҳам жамият билан бирга эволюцияни бошдан кечириб боради. Лекин инсоннинг муҳим эволюцион эҳтиёжлари ҳар нарсанинг маъносини тушуниш, олдиндан белгилай олиш (аниқлик), ўз мавжудлигига ва ҳаракатларига маъно беришни талаб қилади.

Фото: «Getty Images»

Масалан, инсон ўз ўлимини англайди. Ҳаёти тугагани (ўлим)дан кейинги ноаниқлик, замон ва макон чексизлигида ўз ҳаётининг аҳамияти, маъносини тушунишга уриниш инсонда онгсиз бир стрессни пайдо қилади (экзистенциал стресс). Шунингдек, айни ўлимини англаш орқали инсон ўз мавжудлигига маъно бериш — ҳаёти, фаолияти маъносини қидириш каби хусусиятларга эга. Ўлим қўрқуви ва ўз ҳаёти (фаолияти)га маъно бериш эҳтиёжи турли дин, миллий, ирқий таълимотлар, ғоялар ва мафкураларнинг шаклланишига олиб келган.

Дин, миллий (буюк миллат), этник, ватаний (буюк давлат) ва бошқа ғоялар инсоннинг ўлим ва ҳаётнинг, ҳар бир ҳаракатининг маъносини тушунтиради, ноаниқлик қўрқувидан қутқаради ёки уни енгиллаштиради: жаннат ва дўзах, абадий бирор тушунчага боғлиқлик каби.

Масалан, дин инсоннинг ҳаёти ва ўлими мазмунини тушунтиради, инсон ҳаёти ва фаолиятининг бемаъно эмаслиги, мутаносиб давом этиши (ўлимдан кейин тирилиш, мукофот, жазо ва ҳоказо) каби концепциялар билан. Шу сабабли ҳам барча динлар инсон ўлимини эслатиш билан ўз аҳамияти ва таъсирини оширади.

Юқорида келтирилган ғоялар (дин, миллат-ватан, коммунизм, либерализм ва ҳоказо)га эътиқод инсон учун қадриятлар тизими ва маъноларни шакллантиради, нима яхшию нима ёмонлигини тушунтиради.

Нега бу баҳсда бунчалик эҳтирос ва нафрат?

Чунки эволюцион таълимот баҳсдаги иккинчи томоннинг онгида шаклланган мазмунлар тизимини бузади, унинг ҳаётини маъноли қилган мазмунни шубҳа остига қўяди (агар бу таълимот рост бўлса, менинг ҳаётим маъноси нима бўлади?). Худди шу аргументни креационистлар ҳам ишлатишади. Бегоналар томонидан ўз эътиқодининг тан олиниши инсонни хурсанд қилади, ишончини янада кучайтиради, ҳаётини маънолироқ қилади.

Фото: «AP»

Бироқ бошқа ғоялар ва маъноларнинг мавжудлиги унинг ушбу ички ишончи ва ҳаёти маъноси учун катта хавфдир (бу ҳам онгости жараёни бўлиб, ақл билан англаб етилмаслиги мумкин). Тасаввур қилинг, сизнинг ҳаётингизга маъно берган, уни тушунтирадиган, (онг остида доим сизни таъқиб қиладиган) ўлим қўрқувини енгиб ёки енгиллаштирадиган, ўзлигингизни ташкил этадиган ва қадриятларингизни белгилайдиган — дин, миллий-ватаний ёки бошқа ғоядан ташқари бошқа бир бегона ғоянинг мавжудлиги сизнинг ўзлигингизга таҳдидми? Масалан, сигирни муқаддас деб биладиган, уни эъзозлаб, ўлимдан кейин мукофот олишни истаган одамга бу иш беъманилиги, сигирни сўйиб еяётганларнинг эътиқоди ҳақ бўлиб чиқса, унинг ҳаёти ва фаолияти маъносиз бўлиб қолиши қанчалик даҳшатли?

Антрополог Эрнест Бекер фикрича, ҳар қандай маданият (дин, ғоя ва ҳоказо маъносида) бошқа бири учун потенциал таҳдид туғдиради. Чунки у бошқа қадрият ва эътиқодлар тизимида ҳам маъноли яшаш ва ўлим қўрқувини енгиш, камайтириш мумкинлигини исботлаб қўяди. Эрнест Бекер инсон фаолиятини ва хулқ-атворини таҳлил қилиб, ўзга маданият (дин, миллат, ирқ) вакилларига нисбатан нафрат, агрессия, террор каби ҳодисаларни шу нуқтаи назардан ўрганган.

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ўлим эслатилган респондентлар АҚШга қарши худкуш ҳужумларни оқлаган. Шунингдек, ўлим эслатилган америкаликлар эса Усама бин Ладенни тутиш ёки террорчилик актларининг олдини олиш учун минглаб тинч фуқаролар ўлимига олиб келган ҳужумларни, террорчлиликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан қийноқ усулларини қўллашни қўллаб-қувватлаган. Исроиллик консерваторлар фаластинликларга нисбатан зўравонликларни ёқлаган ва ҳоказо.

Албатта, бошқаларнинг ҳам ўз эътиқоди ва мазмунлари борлиги жуда даҳшатли туюлади: «Бошқанинг худоси ҳам ҳамма нарсага қодир бўлса, унда менинг худом чекланганми: демак, менинг худо эътиқодим ва ибодатларим эвазига менга ваъда қилган мукофот, ҳаёт маъноси ва ўлимсизлик ёлғон бўлиши мумкин экан-да, балки биз ўламиз ва шу билан ҳаммаси тугар, ҳаётимиз маъносиздир… даҳшат…»

Нафрат манбаи

Шу сабабли ҳам деярли барча ғоялар, динлар ва таълимотларда бошқа ғоялар қораланади, уларни ўз ғояларига эргаштириш, агар зарурат туғилса, бунинг учун куч ишлатишни оқлайди. Эътиқодлар, шундоқ ҳам заиф бўлган инсон ахлоқини енгиб, «бегона»ларга нафрат ва уларни йўқ қилишгача бўлган зўравонликларни рағбатлантиради.

Ўзига тегишли бўлган маданият (дин, миллат, ирқ, ғоя ва ҳоказо) ишончи хавф остида қолганда, масалан, киши кўз ўнгида бошқа диндаги кишилар кўпайганда, бемалол фаолият юритиши сезилганда (масалан, айни ҳолатда либерал қарашдаги кишиларнинг ижтимоий тармоқдаги фикрлари таралганда), қайд этилган онгсиз ўлим ҳислари киши миясига келади ва ўз маданияти ҳамда эътиқодини ҳимоя қилиш реакцияси пайдо бўлади. Ва бу реакция бошқа ғояни қадрсизлантириш, камситиш, ҳақорат ва куч ишлатишгача воситалардан тап тортмайди. Шунинг учун ҳам эътиқод ва фикр эркинлиги таъминланиши ғоят муҳим.

Таҳририят фикри муаллиф фикридан фарқ қилиши мумкин