Норозилик намойишлари Қозоғистоннинг жануби-ғарбий қисмида янги йилдан сўнг дарҳол автомобиллар учун газ нархининг кескин ошиши сабабли бошланди: январь ойидан бошлаб ёқилғи нархи 120 тенгегача кўтарилди. Аҳоли энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисобга олган ҳолда 50–60 тенгегача камайтиришни сўради. Расмийлар Мангистов вилояти ва Ақтўбеда бир литр газ нархини 50 тенгега туширишга рози бўлди, бироқ тартибсизликлар давом этди.

Фото: «Sputnik»

Шундан буён 4 кун ўтди ва норозилик намойишлари ҳам содир бўлмоқда. 5 январь куни намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. 6 январь куни эса Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилди. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев намойишлар фонида 5 январь куни аҳолига мурожаат қилди.

Маълум қилинишича, президент 5 январдан бошлаб Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари эканини айтган. Шу пайтгача Назарбоев Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик қилиб келган.

Шунингдек, у мурожаатда пойтахтда халқ билан бирга бўлишини қайд этган. Тўқаев Қозоғистондаги қарама-қаршиликларда хавфсизлик кучлари орасида қурбонлар борлигини айтиб ўтган. У бугундан бошлаб расмийлар намойишлар пайтида ҳуқуқбузарларга нисбатан имкон қадар қаттиққўл ҳаракат қилиш ниятида эканини билдирган.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар ортида «молиявий жиҳатдан мотивларга эга кимсалар» турибди ва уларнинг бу борада пухта ишлаб чиқилган режаси бор.

Фуқароларга митингга чиқиш ва оммавий тадбирларда қатнашиш тақиқланди. Шунингдек, соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати жорий этилиб, аҳоли пунктларига кириш ва чиқишда чеклов ўрнатилди. Мамлакатда жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди. Аммо мобил интернет ишлаши қайта тикланди.

Кейинроқ президент Эрмек Сагимбаевни Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси этиб тайинлади. Карим Масимов ушбу лавозимдан озод этилди. Сагимбаев бунгача Давлат хавфсизлик хизматини бошқарган. Олмаота мэрияси, прокуратураси, Полиция бошқармаси ва президентнинг эски қароргоҳи бинолари намойишчилар томонидан босиб олинди, ҳукмрон партия идораси вайрон қилинди. Мусодара қилинган кўплаб объектларда йирик ёнғинлар содир бўлди.

Олмаота марказида намойишчиларга қарши шовқинли гранаталардан фойдаланилди. Кейинчалик Олмаота аэропорти қўлга олингани маълум бўлди. Кечаси Олмаота ҳокими ўринбосари Ержан Бабакумаров журналистларга аэропорт намойишчилардан озод этилгани, шаҳарда «Тинчлик учун» аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилди.

«Аэрофлот» Қозоғистонга парвозларни бекор қила бошлади. Кувайтнинг «Jazeera Airways» авиакомпанияси Олмаотага парвозларни тўхтатди, худди шундай қарор Озарбайжон ҳаво йўллари томонидан ҳам қабул қилинди. Грузия ва Беларусдан парвозлар қолдирилди. «Belavia» 10 январгача Минскдан Қозоғистонга ва ортга қайтаётган йўловчиларга жўнаб кетиш санасини ўзгартиришни таклиф қилди. Кейинроқ авиакомпания вазият барқарорлашгунча мамлакатга барча рейсларни бекор қилишини билдирди. Нур-Султон аэропортида комендантлик соати туфайли рейслар бекор қилинди.

Кечқурун журналистлар Олмаотада полиция ва ҳарбийлар йўқлигини, намойишчилар ўқотар қуролларни тортиб олганини очиқлади. 400 га яқин кафе, дўкон, банкомат ва идоралар талон-торож қилинди. Полиция, тез ёрдам ва ўт ўчирувчиларнинг машиналари ёқиб юборилди. Намойишчилар қурол дўконларига ҳам бостириб киргани айтилди.

Кечқурун намойишчилар Олмаотадаги Миллий хавфсизлик қўмитаси биносини эгаллаб олди. «Хавфсизлик кучлари бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади», деб хабар қилинди турли Telegram каналларда. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тартибсизликлар натижасида 317 нафар полициячи ва Миллий гвардия аскари яралангани, саккиз нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Мамлакатнинг Павлодар вилоятида ҳам хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар бошланди. Ўз навбатида, Оқтовдаги намойишчилар президент Тўкаевнинг истеъфосини талаб қилишга ўтди. Бу орада Талдиқўрғондаги намойишчилар Нурсултон Назарбоев ҳайкалини йиқитди. Нур-Султон маъмурияти атрофи эса полиция томонидан ўраб олинди.

Telegram каналларда Оқтовдаги намойишчилар ҳарбийларни қандай қуролсизлантираётгани акс этган видео ҳам эълон қилинди. Балхашдаги металлургия заводида эса ишчилар ишлашни тўхтатиб, норозиликларга қўшилди.

Мамлакатдаги вазиятга муносабат билдирган Европа Иттифоқи расмий баёнотида Қозоғистондаги барча томонларни зўравонликларнинг кучайишига йўл қўймасликка чақирди ва тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини ҳурмат қилишни сўради. «Human Rights Watch» эса расмийларни полиция куч ишлатишини чеклашга чақирди. «БМТ Қозоғистондаги вазиятни хавотир билан кузатмоқда, барча томонлар зўравонликдан тийилиши муҳимдир», — дея муносабат билдирди ташкилот бош котиби.

Тунга яқин Қозоғистон президенти КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига террорчилик таҳдидини бартараф этишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаевга кўра, террорчи тўдалар Қозоғистондаги йирик инфратузилма объектларини назорат остига олмоқда. Унинг айтишича, улар хорижда жиддий тайёргарликдан ўтган.

КХШТ (Коллектив хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) Қозоғистонга тинчликпарвар контингент юборишга қарор қилди. Улар мамлакатда вазият барқарорлашмагунча қолади.